Ўш: Бир йил аввал 45,3 млн сомга қурилган ўтиш йўлининг лифти ишламай турибди

95

Ўш шаҳрининг Масалиев ва Навоий кўчалари кесишмасидаги ер усти пиёдалар ўтиш жойининг бир тарафидаги лифт 15 августдан бери ишламаяпти. Шаҳар йўллар бошқармаси раҳбари Жениш Чоноев «Клооп»га маълум қилишича, лифт тинимсиз ишлагани туфайли ишдан чиққан. Унинг сўзларига кўра, «талабалар ва болалар ўйнаб, тўхтовсиз чиқиб, тушгани сабабли куч келган».

«Эшикларнинг очилиши ва ёпилиши учун масъул бўлган электрон плата бузилган. Биз Туркиядан эҳтиёт қисмлар буюртма қилдик, уларни бир ҳафта ичида олишимиз керак. Ҳозирча лифтни икки соатга ишга туширамиз ва кейин ярим соатга ўчириб турамиз», — деди Чоноев.

Лифтлар ўтган йилнинг 20 сентябрида фойдаланишга топширилган эди, аммо шу вақт мобайнида улар бир неча марта ишдан чиққан, ҳозир улардан бири умуман ишламаяпти.

«Лифтларни хизмат кўрсатувчи махсус бўлим учун маблағ ажратилади. Агар кичик носозлик бўлса, бу маблағ ҳисобига таъмирланади. Агар қиммат таъмир талаб этилса, маҳаллий ҳокимият қўшимча маблағ ажратади», — деб таъкидлади Чоноев ва турк техникаси қанчага тушиши ҳозирча маълум эмаслигини қўшимча қилди.

Қиймати 45,3 миллион сом бўлган ер усти пиёдалар ўтиш йўлагини ўтган йили Мустақиллик кунига бағишлаб очишган. Ўш шаҳар мэрияси ушбу ўтиш йўлаги йўллардаги тирбандликни камайтиради, деб умид қилган, лекин фаоллар бу шаҳар проблемаларини ҳал қилмаслигини таъкидлаган эдилар.