Қирғизистоннинг Сокулук тумани Комсомоль қишлоғида 9-синф ўқувчисининг бошқа бир ўқувчи тарафидан қорнига оғир зарбе берилиши натижасида вафот этиши бўйича Таълим вазирлиги қўшимча маълумот берди.
Вазирликнинг хабар беришича, жанжал дарслардан кейин, мактабдан икки километр узоқликда содир бўлган. Ўқувчилар «муаммоларни ҳал қилиш» учун йиғилган жойда тахминан 25-30 киши бўлган, аммо вақт ўтиши билан уларнинг ярмидан кўпроғи кетган.
«2009 йилда туғилган Э.А. ўзида ёмонлик сезиб, ҳушидан кетгач, ўқувчилар унга сунъий нафас беришган ва юзига сув сепишган. Бироқ, у ҳушига келмаган. Шунда ўқувчилар «тез ёрдам» чақиришган», — дейилади вазирлик хабарида.
Таълим вазирлиги «Маориф тўғрисида»ги қонунга асосан, болаларнинг соғлиги ва ҳаёти учун «мактаб ҳудудидан ташқарида ва дарс вақтидан ташқари» тўлиқ масъулият ота-оналар зиммасига юкланганини таъкидлади.
Чуй вилояти Ички ишлар бошқармаси «Клооп»га маълум қилишича, гумондорни Вознесеновка қишлоғидаги 14-сонли тарбиявий колонияга икки ойга қамоққа олишган.
Ҳодиса 5 сентябрь куни содир бўлган. Милиция ходимлари 16 ёшли ўқувчи 9-синф ўқувчиларини йиғиб, барчанинг кўз ўнгида 15 ёшли ўқувчини қорнига ураётганини аниқлашди. Жабрланувчи натижада вафот этган.
Аввалига мазкур воқеа бўйича «Безорилик» моддасига кўра жиноий иш қўзғатилиб, гумондор қўлга олинган эди. Кейинроқ иш «Соғлиққа оғир зарар етказиш» моддасига қайта таснифланди.