Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев 5 сентябрь куни ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида мавсумий ишчилар сифатида келадиган мигрантларнинг оилаларини Россияга киритишни тақиқлашни таклиф қилди.
Сиёсатчининг фикрича, мигрантлар оилалари ва уларнинг «анклавлари»га нисбатан чекловлар жорий қилиниши керак.
«Биз, албатта, айрим тенденцияларни тўхтата олмаймиз, лекин қила оладиган нарсаларимиз бор: агар инсон мавсумий иш учун келаётган бўлса, нима учун ўзи билан оиласини ҳам олиб келади?» — деди Медведев.
Шунингдек, у меҳнат мигрантларининг болалари рус тилини билмаса, уларга Россиядаги таълим муассасаларига боришни тақиқлаш кераклигини таъкидлади.
«Тилни аста-секин, қўполлик қилмасдан ўрганишга мажбурлаш керак. Биринчи синфда ўқиётган болаларнинг тўртдан бир қисми рус тилини билмаслигига ақл бовар қилмайди», — деди Медведев.
Бундан олдин Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин ҳам меҳнат мигрантларининг оилаларини Россияга кўчиб келишини тақиқлашни таклиф қилган эди. Унинг фикрича, бу ҳолат «қонунчиликдаги бўшлиқ» туфайли рўй бермоқда. Володин бу муаммони ҳал қилиш ва «паст малакали мигрантларга» оилаларини олиб келиш имконини берувчи қонунларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
Сўнгги вақтларда Россия президенти Владимир Путин томонидан бир қатор миграцияга қарши қонунлар имзоланди. Бу қонунларга кўра, полиция мигрантларни суд қарорисиз чиқариб юбориши мумкин. Ҳужжатда «қувиб чиқариш режими» ҳақида сўз борган. Шунингдек, янги қонунда, агар собиқ мигрантлар ҳарбий рўйхатга турмаса, улар Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкинлиги қайд этилган.