Қирғизистон «Толибон» ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди

214

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича, республика ҳукумати «Толибон ҳаракати»ни Қирғизистон ҳудудида фаолияти тақиқланган террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарди.

Вазирлик маълумотига кўра, бундай қарор мамлакатнинг малакали давлат органлари томонидан пухта кўриб чиқиш ва ҳар томонлама баҳолашдан сўнг қабул қилинган.

«Бу қарор минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мулоқотни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қирғизистон Республикаси Афғонистон ва минтақа, умуман олганда, барқарор ва тинч муҳитни таъминлашга қаратилган халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқлигича қолади», — дея таъкидлади Қирғизистон ТИВ.

Толибон делегацияси Тошкентдаги анжуманда.

Бир неча кун олдин Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатда тақиқланган ташкилотларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилган эди. Қатор ОАВлар ушбу рўйхатда «Толибон» йўқлигини қайд этган эди.

5 сентябр куни Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Қирғизистонни ташкилотлар рўйхатидан чиқаргани учун миннатдорчилик билдирди. Вазирликнинг қайд этишича, Қирғизистоннинг ушбу қарори бошқа давлатлар билан бирга  «Ислом Амирлигининг минтақавий ва халқаро даражадаги сиёсий тан олинишининг ортиб бораётганини» кўрсатмоқда ва  «икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдаги тўсиқларни бартараф этмоқда».

Июнь ойи бошларида Қозоғистон ҳам «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарган эди. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев бу қарор «замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда ва ушбу режим узоқ муддатли омил эканлигини тушунишдан келиб чиқиб» қабул қилинганини таъкидлади.

Қирғизистонда «Толибон» 2006 йил сентябридан бери мамлакатда фаолияти тақиқланган террористик ташкилотлар рўйхатида бўлган. У рўйхатга Бишкекнинг Биринчи май туман суди қарорига асосан киритилган.

«Толибон» ҳаракати АҚШ бошчилигидаги Халқаро коалиция қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейиноқ – 2021 йил августида ҳокимият тепасига келган. Қўшинлар чиқиб кетиши манзарасида толиблар ҳужумларини кучайтирган ва бу мамлакат пойтахти – Кобул шаҳрининг олиниши билан якунланган. Ўшандан буён толиблар Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатишган ва шу билан бирга халқаро миқёсда тан олиниш учун чоралар кўриб келишмоқда.

Ғарб давлатлари «Толибон»ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаган.