Бекешев: ОАВда ҳақорат учун жарима тўлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси оддий фуқаролар учун зарарли

169

Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешев ўзининг Телеграм-каналида ОАВ ва интернет сайтларда ҳақорат учун жарималар жорий этиш тўғрисидаги парламентга келиб тушган қонун лойиҳаси фуқароларга зарар етказишини таъкидлади.

Депутатнинг айтишича, ОАВда ҳақорат учун белгиланган жарима суммаси оддий фуқаролар учун жуда катта.

 «Бу мансабдорлар учун қурол. Чунки улар турли ҳақоратлар учун одамлар билан уришиб юрмай, уларни жазолаш учун Маданият вазирлигига мурожаат қилишади. Мен бу қонун лойиҳаси оддий халққа зарар беради деб ҳисоблайман. Қонун лойиҳасининг мансабдор шахсларга эмас, балки оддий фуқаролар манфаатига хизмат қилишига эришишимиз керак. Жаримани камайтириш лозим», — деди депутат.

3 сентябрь куни ЖКнинг тегишли қўмитаси мажлисида ушбу қонун лойиҳасини Маданият вазири ўринбосари Марат Тагаев тақдим этиши маълум бўлди. Депутат Исҳақ Масалиев бунга норозилик билдириб, туҳмат ҳақидаги норма бўйича маърузачи Маданият вазирлиги бўлиши мумкин эмаслигини айтди. Парламент аъзолари ҳамкасбининг фикрини қўллаб-қувватлаб, қонун лойиҳасини муҳокама қилишни кун тартибидан чиқариб ташладилар.

ОАВ ва интернетда ҳақорат ва туҳмат учун жарималар жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси ташаббуси билан киритилган. Ҳужжатга кўра, ОАВ ёки интернетда ҳақорат учун жисмоний шахслар учун 100 минг сом, юридик шахслар учун эса 200 минг сом миқдорида жарима жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, ОАВ ва интернетда туҳмат учун ҳам шунга ўхшаш жарима жорий этиш таклиф қилинмоқда. Ташаббускорларнинг маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда ОАВ ва интернет ресурсларида тарқатилаётган ҳақорат ва камситиш ҳолатлари кўпаймоқда.