Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Германиянинг Золинген шаҳридаги ҳужумдан сўнг қўлга олинган 15 ёшли қирғизистонлик ўсмир озод қилинганини хабар қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўсмир содир бўлган ҳодиса бўйича эҳтимолий гувоҳ сифатида қўлга олинган.
«Қирғизистоннинг Германиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Германия ҳуқуқ-тартибот органлари ўсмирнинг Қирғизистон фуқаролигига мансублигини аниқлашди. У ҳодисанинг тафсилотларини ўрганиш учун эҳтимолий гувоҳ сифатида қўлга олинган. 25 август куни у озод қилинди. Ҳозирда ушбу фуқаро озодликда», – дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги.
Муассаса таъкидлаганидек, ўсмирнинг оиласи Қирғизистон элчихонасидан ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Der Spiegel журналига кўра, ўсмир қочқинлар марказида яшаган ва қотилликда гумонланувчи билан суҳбатлашган бўлиши мумкин.
23 август куни Германияда бир эркак пичоқ билан фестивалдаги одамларга ҳужум қилди. Натижада уч киши ҳалок бўлди, саккиз киши жароҳат олди.
Bild газетаси маълумотларига кўра, ҳужумда гумонланувчи эркак 24 август куни полицияга таслим бўлиб, ўзи «Исломий Давлат» аъзоси эканлигини айтган. Мазкур ташкилот ҳам ушбу жиноятга алоқадорлигини маълум қилди. Германия федерал прокуратураси 25 август куни террорчилик актида гумон қилиниб, терговни бошлади.