Telegram асосчиси Павел Дуров кафолат пули эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиш тақиқланган

117

Париж прокуратураси Telegram асосчиси Павел Дуровга уюшган жиноятчиликка боғлиқ олтита жиноят бўйича дастлабки айбловларни қўйди.

Ушбу айбловлар орасида қонунга зид операцияларга йўл қўйувчи онлайн платформани бошқаришда иштирок этиш, балоғатга етмаганларга тегишли порнографик тасвирларни тарқатиш, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик, ҳукуматга маълумот бермаслик, пул ювиш ва криптография воситаларини ноқонуний тақдим этиш ва импорт қилиш бўйича шубҳалар бор.

«Медуза» нашрининг хабар беришича, айрим моддалар бўйича Дуровга қўйиладиган айбловларда максимал қамоқ жазоси 10 йилни ташкил этади.

Прокуратура маълумотларига кўра, Дуров 5 миллион евро кафолат пули билан суд назорати остига олинган. У ҳафтада икки марта полиция участкасини бориб кўриши керак бўлади ва Франциядан чиқиб кетиши ман этилган.

The Bell нашрига кўра, Дуров журналистлар билан мулоқот қилмасдан суд биносидан кетган. Нашрнинг маълум қилишича, Дуровга якуний айблов қўйиш учун уни яна судга олиб келишади. Дуровнинг адвокати бу айбловларни «абсурд» деб атади.

Павел Дуров 28 август куни тушда судга чиқди, у тўрт кун полиция ҳибсхонасида сақланган эди. Дуров 24 август куни кечқурун Ле Бурже париж аэропортида, хусусий самолётдан чиққанидан сўнг, Озарбайжондан қайтиб келган пайтида қўлга олинган.

Шунингдек, Politico нашрининг хабар беришича, Франция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Павел Дуровнинг акаси Николай Дуровни ҳибсга олиш учун ордер чиқарган.