«Клооп Медиа» энди чиндан ҳам тугатилади — Аммо биз ишлайверамиз!

122

Олий суднинг фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича суд ҳайъати 16 июль куни «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш масаласида якуний қарор қабул қилди. Бишкекнинг Октябрь туман судининг фондни тугатиш ҳақидаги қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

«Клооп Медиа»нинг ҳуқуқшуноси Фатима Якупбаеванинг айтишича, тез орада фондни тугатиш ва унинг банк ҳисобларини ёпиш жараёни бошланиши мумкин.

«Клооп»нинг ҳаммуассиси Ринат Тухватшин Олий суд қарорига «кутилаётган» деб баҳо берди.

«Биз бошқача қарор чиқишини кутмаган эдик. Нима бўлганда ҳам, “Клооп” ишлашда давом этади. Ликвидация бўйича суд жараёнлари давомида биздан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда. Бизларни биргина қирғизистонлик ўқиса ҳам, энг чуқур суриштирувларни, мувозанатли янгиликларни ва энг долзарб мақолаларни чиқаришда давом этамиз», — деди у.

Ўзининг айтишича, йиғилиш томонлар иштирокисиз 16 июль куни ўтказилган. Олий суднинг қарорини қайта кўриб чиқиш мумкин эмас ва у эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради, яъни 16 июль кунидан.

Бундан олдин фонднинг ҳуқуқшунослари Октябрь туман судининг қарорига қарши шикоят қилмоқчи бўлишган ва пойтахтнинг шаҳар судига мурожаат қилишган. Аммо Бишкек шаҳар суди апелляция шикоятини кўриб чиқишни рад этган, чунки шикоят бериш муддати ўтказиб юборилган деб топилган.

Олий судга қилган шикоятида «Клооп Медиа» ҳуқуқшунослари Бишкек шаҳар судининг қарори бекор қилиниши ва фондни тугатиш қарорига шикоят қилиш муддатини тиклашни сўрашган. Бишкек прокуратураси эса Олий суддан шаҳар судининг қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган. Натижада Олий суд Бишкек шаҳар судининг қарорини бекор қилмаган — уларнинг фикрича, суд «қонуний ва асосли қарор» қабул қилган ва уни бекор қилиш учун асослар йўқ.

Шу билан бирга, Олий суд қарори чиқарилганидан сўнг бир ой давомида унга оид маълумот бермаган, ва фонднинг ҳуқуқшунослари бу ҳақда фақат 22 август куни билганлар. «Клооп Медиа» ҳуқуқшуносларининг айтишича, Олий судга қилган қўнғироқларига жавоб берилмаган ва қарор нусхаси юборилмаган. «Клооп» Олий судга қарор ҳақида ҳуқуқшуносларга дарҳол маълумот берилмагани сабабини сўраб расмий мурожаат йўллаган. Ҳозирча Олий суд журналистларнинг сўровига жавоб бермаган.

Прокуратуранинг «Клооп Медиа»га бўлган даъволари

2023 йил 28 август куни Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисида Бишкекнинг Октябрь ва Первомай туман судларига даъво киритгани маълум бўлди. Даъвонинг сабаби сифатида фонднинг «Уставда кўзда тутилмаган фаолият билан шуғулланиши» кўрсатилган.

Даъвога кўра, «Клооп Медиа» оммавий ахборот воситалари давлат рўйхатида қайд этилмаган ва ташкилотнинг уставида маълумот тарқатиш кўрсатилмаган, аммо ёшлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар ҳақида ўз фикрларини эркин баён этишлари учун ахборот майдони яратиш кўрсатилган.

Шунингдек, ҳужжатнинг катта қисми «Клооп»нинг нашрлари Қирғизистонга салбий таъсир кўрсатмоқда деган мавзуга бағишланган.

«Клооп»ни ҳимоя қилиш учун қирғиз ва халқаро нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва медиа ҳамжамияти чиқиш қилди. Улар Қирғизистон ҳукуматини даъвони қайтариб олишга, журналистларга босимни тўхтатишга ва сўз эркинлигига қўйилаётган тўсиқларни олиб ташлашга чақирдилар.

Шунга қарамай, 2024 йил 9 февраль куни Октябрь туман суди «Клооп Медиа»ни тугатиш тўғрисида қарор чиқарди, чунки ташкилот уставида журналистик фаолият кўрсатилмаган эди. Судда асосий вақт давлат эксперт-психиатрларининг хулосалари муҳокамасига сарфланган. Уларнинг фикрича, «Клооп» нашрларида ҳукуматга нисбатан «қаттиқ танқид» ва «салбий маълумотлар» мавжуд, бу эса мамлакатда руҳий касалликлар ва «жинсий аномалиялар» сонининг кўпайишига сабаб бўлган.

«Клооп» ҳуқуқшунослари суд қарори қонуний ва асосли эмас деб ҳисоблайдилар. Район судининг қароридан апелляция шикояти матнини ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин. Суд қарори бир неча халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилинган ва уни бекор қилиш чақирувлари қилинган.

Икки суд йиғилишида давлат экспертлари фондни тугатиш тўғрисидаги даъво бўйича берган кўрсатмаларини ушбу ҳавола орқали томоша қилиш мумкин. Қисқача версияни эса бу ерда кўришингиз мумкин.