Россия: Муҳожирларни қайтиш чиптасини олдиндан тўлашга мажбурлаш таклиф қилинмоқда

140

Россияда парламент аъзолари муҳожирларни ўз ватанларига қайтиш учун чиптага олдиндан пул ажратишни мажбурий қилишни таклиф қилишди. Бу ҳақда унинг ташаббускорларидан бири Вадим Денгин «Парламент газетаси»га билдирди.

«Ҳозир биз сенаторлар билан бу ташаббусни ишлаб чиқяпмиз. Бизга ташриф буюрган мигрантнинг махсус ҳисоб рақамида авиачипта нархига тенг пул бўлиши керак. Бу чет эл фуқаросининг патенти ёки шартномаси муддати тугаса ёки ноқонуний фаолияти учун Россиядан чиқариб юборилса, ўз мамлакатига қайтиши учун талаб қилинади», - деди Денгин.

Сенаторнинг қайд этишича, нафақат мигрант ҳисоб рақамига, балки у келган давлатга ҳам пул ўтказиши мумкин.

«Мигрантлар кўпинча Россияни тарк этишга мажбур бўлганда пул йўқлигини айтади. У Россия ва Россия солиқ тўловчилари ҳисобидан чиқарилади. Бу тўғри эмас, Россия бундай одамларнинг йўл харажатларини тўламаслиги керак. Биз бу ташаббусни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз, йил охиригача Россия ҳукумати билан келишиб, Давлат Думасига тақдим этамиз», - деди Денгин.

Ушбу ташаббус Федерация Кенгашида муҳокама қилинмоқда. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, уни Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам қўллаб-қувватлаган. Маҳаллий нашрларнинг таъкидлашича, бундай ташаббуслар «жиноятчиликнинг кучайиши шароитида» пайдо бўлади.

8 август куни Россия президенти Владимир Путин полиция ходимларига мигрантларни суд қарорисиз депортация қилиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади.

Ҳужжатда мигрантларни «депортация қилиш режими» акс этган. Унга кўра, қонунни бузган мигрантлар «назорат қилинадиган шахслар реэстри»га киритилади. Бундан ташқари, Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатга олинмаганларни фуқароликдан маҳрум этишга рухсат берувчи қонун қабул қилинди.