Ўшда 15 ёшли қизни зўрлашда гумонланган киши қўлга олинди

120

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Ўшда 15 ёшли қизни бир ойдан ортиқ вақт давомида жинсий қулликда сақлангани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, Ўш шаҳрида ўғил ва қиз болалардан иборат гуруҳ вояга етмаган қизни канал бўйига олиб бориб, уни мазахлашган.

«Улар жисмоний куч ишлатиб, қизни мазах қилган ва унга шикаст етказган. Қолаверса, қизни бир неча кун давомида номаълум манзилда ушлаб туришган», — дея маълум қилди милиция вакиллари.

Бу воқеа 23 август куни Ўш вилояти Ички ишлар бошқармасининг маълумотларни қайд этиш журналига рўйхатга олинган. Мазкур иш бўйича милиция ходимлари 15 ёшли қизни зўрлашда гумон қилинган 27 ёшли шахсни қўлга олган. Шунингдек, 21 ёшли қиз милиция бўлимига олиб келинган, у вояга етмаган қизни калтаклашда гумонланмоқда. Лекин унинг эҳтиёт чораси бўйича маълумот берилмади.

«Суд-тиббий ва бошқа экспертизалар тайинланган. Жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ишлари давом этмоқда. Далил сифатида қизни калтаклаш ва қийноққа солиш фактлари акс этган видеоёзувлар олиб қўйилди», — деб таъкидлади ИИВ.

Аввалроқ, Ўш шаҳрида 15 ёшли қиз бир ойдан ортиқ вақт давомида жинсий қулликда сақлангани ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳақда жабрланувчининг адвокати Омбудсман Жамиля Жаманбаевага маълум қилган. Адвокатнинг айтишича, қизни «турли эркакларга интим хизматлар кўрсатиш учун “сотишган”». Шунингдек, адвокат қизнинг азобланиши акс этган «даҳшатли лавҳалар» борлигини ҳам айтган.