Олий суд активист Арановани уч ярим йилга кесган ҳукмни кучида қолдирди

79

Бу қарор 21 августдаги суд йиғилишида Олий суд ҳайъати томонидан қабул қилинди ва фаолнинг адвокати томонидан берилган кассация шикояти рад этилди.

«Азаттиқ»нинг хабар беришича, жараёнда Аранованинг адвокати Замир Жоошев суд ҳайъатидан унинг ҳимоя остидаги шахсини оқлашни ёки ҳеч бўлмаганда туман судининг қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. У Аранованинг вояга етмаган қизи борлигини ва аввал жавобгарликка тортилмаганлигини таъкидлади.

Апрель ойида Бишкекнинг Биринчи май туман суди Арановани «ҳокимиятни эгаллашга чақириқ» ва «адоват уйғотиш» айбловларида айбдор деб топиб, унга 120 минг сом жарима жазоси тайинланган эди. Аммо давлат айбловчиси бу қарорга Бишкек шаҳар судида эътироз билдириб, суд ҳайъати фаолни 3,5 йил озодликдан маҳрум қилган.

Аммо журналист Болот Темиров ва OCCRP таҳлилчилари Аранова иши бўйича далиллар сохталаштирилган бўлиши мумкин, деган хулосага келишган. Уларнинг маълумотларига кўра, айбловга Kanykei Aranova номи билан, аввал «Адина Жума» деб аталган ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифада қўйилган постлар асос бўлган. Ҳозирда бу аккаунт йўқ ва журналистлар унинг аслида кимга тегишлилигини аниқлашга муваффақ бўлишмади.

2023 йил 13 январда ушбу аккаунт эгаси саҳифадаги постларни оммавий равишда таҳрир қилган. Янги таҳрирланган постлардан бирида президент Садир Жапаров «трайбалист» деб аталиб, у лавозимларни фақат ўз юртдошларига бераётгани айтилган.

Бошқа таҳрирланган постда эса мухолифатчи Адахан Мадумаров «Садир Жапаровни ағдариб, президент бўлади» дейилган. Ушбу постлар чоп этилгандан уч ҳафтадан кам вақт ўтиб, Аранова Москвада ҳибсга олинган ва Қирғизистонга депортация қилинган.

2022 йил кузида Каникей Аранова Кампиробод сув омбори ерларини Ўзбекистонга топширишга қарши намойишларда қатнашган. Кейинчалик уни «майда безорилик» моддаси бўйича 30 соат жамоат ишларига жалб қилишган.