Чуй вилоятида шифокорга ҳужум қилган қиз, милицияга олиб кетилди

189

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда қиз шифокорни ураётгани акс этган видео тарқалди. Милициянинг маълум қилишича, воқеа 19 августга ўтар кечаси Чуй туман шифохонасида содир бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотларига кўра, тахминан соат 01:00 да реанимация бўлимига 21 ёшли қиз «алкоголли интоксикация» ташхиси билан ётқизилган.

«Тахминан соат 04:00 да ўзига келиб, шифохонадан чиқиб кетмоқчи бўлган. Шифохона ходимлари унинг яқинлари келмагунча чиқариб юбора олмасликларини тушунтиришган. Шундан сўнг у агрессив равишда ўзини тутиб, реаниматолог шифокорга жароҳат етказган ва шифохонадан кетган», — дея хабар берди Чуй вилояти ИИБ.

Шу билан бирга ҳужумга учраган шифокор «Клооп» билан суҳбатда беморни нега уйига жўнатолмаслигини тушунтирган.

«Агар биз “алкоголдан заҳарланиш” ташхисини қўйган бўлсак ёки бемор оғир аҳволда келтирилган бўлса, уни ўзини уйга жўнатиб юбора олмаймиз. Бемор уйига соғ-саломат етиб бориши учун кимдир унинг учун жавобгар бўлиши керак. Мен уни яқинларини кутишга кўндиришга ҳаракат қилдим. У “Сен кимсан?” деб сўради. Мен “врачман” деб жавоб бердим. Кейин у “менга бақиряпсанми?” деб мени ура бошлади», — деди шифокор.

У ҳатто ўзини ҳимоя қилмаганини, чунки беморга зарар етказишдан қўрққанини таъкидлади.

«Мен унга қўлимни ҳам теккизмадим, ҳатто ҳимоя ҳам қилмадим. У ерда темир носилка турган эди — қиз унга урилиши мумкинлигидан қўрқдим. У бошқа шифокорларга ҳам ташланди, мен уларга зарар етказмаслиги учун уларнинг орасида туришга мажбур бўлдим», — деди шифокор, қўшимча қилиб, уни «ўн марта бошини шиша ва эшикка уришганини» айтди.

Ушбу ҳолат бўйича «Безорилик» моддасига кўра жиноий иш қўзғатилган ва экспертизалар тайинланган. Гумонланувчи топилиб, милиция бўлимига олиб кетилган. Тергув давом этмоқда.

Бу шифокорга ҳужум қилинган биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ Жогорку Кенеш депутати Суюнбек Омурзаков Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиққан эди. У тез ёрдам ходимлари, шифокорлар, ёнғин ўчирувчилар, милициячилар, суд ижрочилари, суд приставлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва бошқаларга ҳужум қилганларга нисбатан жазо тайинлашни таклиф қилган.