Украинада асирга тушган қирғизистонлик Россияга қайтарилди. Бу ҳақда Украинанинг ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаби "Хочу жить"га таяниб, "Украина - Марказий Осиё" телеграм канали хабар бермоқда.
Турсунов 17 июль куни Россияга қайтарилган - шу куни Украина ва Россия "95 га 95" форматида асирлар алмашган. Асирлар алмашилганлиги ҳақида аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги хабар берган эди. Бундан ташқари, Турсуновнинг исми озод қилинган россиялик ҳарбийлар рўйхатида бўлиб, буни Россия ҳарбийларини қидириш ва уйга қайтариш билан шуғулланувчи "Наш Выход" ижтимоий ҳаракати эълон қилган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Турсуновнинг алмашиниш ҳақидаги маълумотларни аниқлашни ваъда қилди.
57 ёшли Алишер Турсуновнинг қўлга тушгани ҳақидаги видеоси май ойида тарқалди. Турсунов ўзининг Қирғизистон фуқароси, асли ўшлик эканини таъкидлаган. У Рязанга ўғлининг олдига келганида полиция уни қўлга олганини айтди.
Турсуновнинг айтишича, у ҳарбий хизматга шартномани мажбуран имзолаган, бунинг учун унга пул ва Россия паспорти ваъда қилинган. Видеонинг охирида у урушга ўз ихтиёри билан бормаганини айтди ва Қирғизистон расмийларидан ватанига қайтишда ёрдам сўради.
Видеодаги шахсни Қирғизистондаги қариндошлари таниган. Турсуновнинг ўзи эса президент Садир Жапаровга ёрдам сўраб мурожаат қилган.