Президент Иссиқкўлда хорижликларнинг дам олиш масканларига эгалик қилишига рухсат берувчи қонунни имзолади

96

Хорижликларга Иссиқ-кўлда кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берилди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Гап фақат дам олиш масканлари ҳақида кетмоқда. Қонун чет эл фуқароларига ер участкаларини сотиб олишга ҳамон рухсат бермайди.

Аввал Иссиқ-кўлда дам олиш масканларини, туризм инфратузилмасини хорижликларга бериш ва сотиш тақиқланган эди.

Хорижликларга Иссиқ-кўлда кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берувчи қонунни парламент июнь ойида маъқуллаган эди. Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, ҳужжат хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Қирғизистоннинг жаҳон сайёҳлик хизматлари бозорига кириши ва умуман «Иссиқкўл» экологик-иқтисодий тизимини сезиларли даражада ривожлантириш учун қабул қилинмоқда.