Чуй вилоят суди ёзувчи Олжобай Шокирнинг беш йиллик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди

102

Бундай қарор суд ҳайъатининг 15 июлдаги йиғилишида қабул қилинди. Ёзувчи бу қарорни «адолатсиз» деб атади.

«Азаттиқ»нинг хабар беришича, Олжобай Шокир суд мажлисида ўз айбига иқрор бўлмаслигини, баъзи мурожаатларида ҳис-туйғуларга берилиб кетган бўлса-да, ҳеч кимни оммавий тартибсизликка чақирмаганини айтган.

Прокурор, ўз навбатида, ёзувчининг айби исботланганини таъкидлаб, суддан аввалги инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.

Натижада суд ҳайъати ёзувчини аввалроқ беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган Аламу туман суди ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Олжобай Шокир 2023 йил августида ҳибсга олинган ва ўшандан бери тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ўшанда МХДҚ вакили Шокир ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «ҳокимиятнинг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириқларни ўз ичига олган провокацион хабарлар»ни тарқатганини билдирган.