Президент Шамбесойда олтин қазиб олинмаслигини маълум қилди

247

Садир Жапаров бу ҳақда 20 июнь куни Қадамжой тумани аҳолиси билан учрашганида айтиб ўтди.

«Мен “Қонуний бўлса, зарари бўлмаса, қазисанглар бўлади”, деб айтганман Лекин ўз кўзим билан кўрдим, бўлмас экан. Шунинг учун мен бу масалага чек қўйдим. Энди бу мавзуни унутайлик», — деди у.

Шамбесай кони Қадамжой шаҳридан 70 километр шарқда жойлашган. Олтин конига туташ 14 мингга яқин аҳолига эга Қадамжой туманининг Майдан қишлоғи жойлашган.

Аҳоли олтин конларидан оқиб ўтувчи Исфайрам дарёсига зарарли моддалар қўшилишидан хавотирда эди. Бу сувдан 150 мингга яқин одам фойдаланган бўлса, уларнинг 70 фоизи ўзбеклар эди.

2020 йил маълумотларига кўра, Шамбесайдаги олтин заҳиралари 7,8 тоннани ташкил қилган. Уни қидириш 2006 йилда бошланган, олтин кони эса 2007 йилда очилган. Кон қазиш лицензияси 2012 йилда олинган. Ўшандан бери кон эгалари бир неча бор ўзгарган.