Ақилбек Жапаров узоқ йиллардан бери қурилиши тугалланмаган мактабларнинг 80 фоизи қуриб битказилгани билдирди

134

Вазирлар маҳкамасининг етакчиси бу ҳақда  30 май куни Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Қорадўбе қишлоғидаги 275 ўринли мактабнинг очилиш маросимида айтди.

«Бу мактабнинг қурилиши тўққиз йил аввал бошланган эди. Ҳозир қурилиш ишлари якунланиб, ўғил-қизларимиз янги мактабга қадам қўймоқда. Мамлакат бўйича бошланган, аммо ўртада тўхтаб қолган бу каби мактабларнинг 80 фоизи қуриб битказилди», деди у.

Жапаровнинг қўшимча қилишича, сўнгги уч йилда 214 та янги мактаб қурилган.

Аввалроқ Президент Садир Жапаров сўнгги уч йилда 315 та мактаб, 69 та болалар боғчаси қурилганини айтиб, кейинги йилларда мамлакатимизда авария ҳолатидаги мактаблар муаммосини ҳал этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлаган эди.

2022 йилнинг апрель ойида президент мамлакатда 68 та мактаб қурилиши бир ярим йилдан сал кўпроқ вақт ичида якунланганини айтган эди. Бироқ, «Клооп» ва «Дата мактаб» бу биноларнинг айримлари янги мактаблар эмас, балки мавжуд мактаблар ёнида қурилган қўшимча бинолар эканлигини аниқлаган.