Талабалар ҳали ҳам кетишмоқда. Бугун Бишкекдан Покистонга саккизта рейс режалаштирилган

142

Бу ҳақда «Манас» халқаро аэропортининг сайтида хабар берилди. Саккизта самолётдан иккитаси тунда ҳавога кўтарилган, яна олтита самолёт кундузи ҳамда кечқурун Покистоннинг турли шаҳарларига жўнаб кетади.

Бугун қанча Покистон фуқароси Қирғизистондан ватанига қайтиши номаълум. Кечаги ҳолат туфайли 670 нафар талаба ва ишчи Қирғизистондан учиб кетгани хабар қилинган эди.

13 май куни бир неча Қирғизистон фуқаролари хорижлик талабалар билан муштлашиб, уларнинг телефонлари ва пулларини тортиб олган. Муштлашув акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, 18 май куни миллатлараро тартибсизликларга сабаб бўлган ва камида 41 киши жароҳат олган. Қурбонлар орасида хорижликлар ҳам бор.