Қирғизистонда уран ва торий конларини қидириш ва ўзлаштиришга тақиқни бекор қилувчи қонун лойиҳаси Жўқорғу Кенешга келиб тушди. Бу ҳақда парламент сайтида хабар берилди.
Қирғизистонда уран ва торий конларини қидириш ва ўзлаштиришга рухсат берилиши мумкин. Аввалги тақиқни бекор қилувчи қонун лойиҳаси Жўқорғу Кенешга келиб тушди, деб хабар бермоқда парламент матбуот хизмати.
2019 йилда Қизил-Омполни ўзлаштиришга қарши чиққан маҳаллий аҳоли Бишкекда норозилик намойишларини ўтказганидан сўнг Қирғизистонда уран ва торий конларини ўзлаштиришга тақиқ қўйилган эди.
Ташаббускори ҳукумат бўлмиш ҳужжатнинг асосланиш қисмида айтилишича, қонун аҳоли саломатлиги, ерлар, сув ҳавзалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш учун қабул қилинган, бироқ “тақиқ миллий иқтисодиёт ва мамлакат тараққиёти учун салбий таъсир қилди".
Аввалроқ президент Садир Жапаров Қирғизистонда уран ва торий қазиб олишни тақиқловчи қонун ўзгартирилиши мумкинлигини айтган эди. У 19 февраль куни Балиқчи шаҳрида Иссиқкўл вилоятининг Тўн тумани ва Норин вилоятининг Қўчқор туманлари аҳолиси билан Қизил-Омпол конини ўзлаштириш режасини муҳокама қилди.
“Аҳолига конни ўзлаштириш билан боғлиқ долзарб маълумотлар берилди, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар ва давлат раҳбари жавоб берди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Қизил-Омпол уран кони Иссиқкўл вилоятининг Тўн туманида жойлашган. У 1951 йилда кашф этилган. Совет давридаги геология-қидирув ишлари натижаларига кўра, коннинг заҳираси 13 минг тонна уран қийматида баҳоланган. Геологларнинг фикрича, Қизил-Омполда урандан ташқари торий, цирконий, титан, фосфор ва бошқа моддалар ҳам бор.
2019 йилдаги кенг миқёсидаги норозиликлардан сўнг президент Сўронбой Жеенбеков “Қирғизистонда уран ва торий конларини ўзлаштириш мақсадида ер қаърини геологик ўрганиш билан боғлиқ фаолиятни тақиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.