Сузоқдаги авария: Юк машинасининг ҳайдовчиси ҳибсга олинди, қурбонлар сони 34 нафарга етди

797

Сузоқ туманида «Манас» эпосини ўқилиши чоғида мактаб ўқувчиларини автомобиль босиб кетиши оқибатида жабрланганлар сони 34 нафарга етди. Бу ҳақда 24.kg соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алимқодир Бейшеналиевга асосланиб хабар берди.

«Тўрт нафар жабрланувчи Сузоқ туман касалхонасида. Уларнинг мияси чайқалган, бирининг оёқ суяги синган. Жабрланганларнинг 4 нафари Октябрь қишлоғидаги умумий шифохона пунктида, 11 нафари Жалолобод болалар клиник шифохонасида ва бир нафари катталар вилоят касалхонасида. Беш нафар бола реанимацияда, иккисининг жигар ва талоғи ёрилиб кетган; Улар беҳушликдан чиқиб, гаплашишди. Оғир аҳволда бўлган уч кишининг кўрсаткичлари барқарор», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида 1988 йилда туғилган ўқитувчи ҳам бўлган — юк машинаси келиб урилган вақтда, у бўз уй ичида бўлган.

ИИВ ЙТҲ юзасидан «Автотранспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Болаларни уриб юборган юк машинасининг 48 ёшли ҳайдовчи қўлга олинди. Ҳайдовчи вақтинчалик сақлаш изоляторига киритилиб, мазкур ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.

Бундан ташқари, автоҳалокатдан кейин Чуй ва Норин вилоятларида «Манас» ўқиш фестиваллари бекор қилинди. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги раҳбари Доғдургул Кендирбаева «Азаттиқ»қа берган интервьюсида болалар хавфсизлиги таъминланмагунча мактаб ўқувчиларининг тадбирларда иштирок этиши тақиқланишини айтди.

2 май куни тушдан кейин Сузоқ тумани Жергетал қишлоғидаги Қатма яйловида болаларнинг «Манас» достонини ўқиш бўйича республика кўрик-танлови доирасидаги тадбири вақтида мактаб ўқувчиларини автомобиль босиб кетган. Тадбирда жами уч мингга яқин бола иштирок этган.

Юк машинасининг ҳайдовчиси ўз кўрсатмасида воқеа бўлган вақтда у ҳомийлик қилиб, етти қути музқаймоқ юклаб чиққанини, ташкилотчилардан қутиларни қаерга етказиб беришни сўраш учун автомобилини қияликка тўхтатиб, телефонда гаплашаётган вақтда, Hyundai Porter автомобили қияликдан пастга юриб кетганини сезмай қолганини, ортидан югуриб тўхтатишга улгурмай қолганини билдирган.

Воқеа содир бўлган куни 11 нафар болага жойида тиббий ёрдам кўрсатилиб, амбулатор даволанишга жўнатилгани ҳақида аввал хабар берилган эди.