Россиядаги теракт: Бедарак бўлаётган қирғизистонлик қизларга ДНК экспертизаси тайинланди

182

Москва четидаги терактдан сўнг йўқолган 20 ва 24 ёшдаги қирғизистонлик қизларнинг яқинлари уларга генетик экспертиза тайинланганини «Азаттиқ»қа билдирди.

«Уларни кафедан чиқаришган экан. Лекин икки қиз "курткамиз билан телефонимиз қолиб кетди " деб қайта кирибди. Шу бўйича йўқ. Ёнидагилар шундай дейишди. Бошида беш-олтита бўлиб ташқарига чиқишибди. ДНКсини полицияга бердик, жавобини кутмоқдамиз», —деди қизларнинг яқинлари.

23 мартда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Россиядаги ҳужумдан сўнг 20 ёшдаги Маиза Гулжигит қизи ва 24 ёшдаги Эдита Жусупованинг қаерда экани номаълум эканини билдирган. Қирғизистон элчилиги улар қидирилаётганини хабар қилган.

22 мартда Москва четидаги «Крокус Сити Холл»да теракт содир бўлиб, камида 139 киши вафот этган. Кўп ўтмай терактда гумонланган 11 киши қўлга олинган. Уларнинг баъзилари, ОАВнинг маълумотига кўра, тожикистонликлар ва Қирғизистонда туғилган фуқаро бўлган.