2015 йилдан бери «талончилик»да гумонланиб қидирувда бўлган Қирғизистон фуқароси Полшада қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 16 февралда Ички ишлар вазирлигидан хабар беришди.
Маълумотларга кўра, 2015 йилда Қизилқия шаҳрининг Қоравон қишлоғида автомат билан қуролланган тўрт нафар номаълум шахс Honda CRV русумли автомашинани тўхтатган. Улар машина ҳайдовчисини «ўлдириш» билан қўрқитиб, ундан 1 миллион 30 минг доллар олиб кетишган.
Кейинроқ уч нафар гумонланувчи қўлга олинган, тўртинчиси эса номаълум томонга қочиб кетган.
Қочган гумондор 9 февраль куни Полша-Украина «Любачув» назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган.
«Ҳозирда уни экстрадиция қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда», — дейилади милиция хабарида.
Аввалроқ Ўш шаҳрининг Тилеке-Баатир кўчасида жойлашган савдо марказларидан бирини талон-тарож қилиб, 5 миллион 350 минг сом пулни ўғирлаган хориж фуқароси қўлга олинган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан «Ўғирлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.