24.kg’нинг етакчиси: Ҳукуматнинг мақсади нашрни банкрот қилиб, ёпиб юбориш

122

МХДҚнинг терговчиси 24.kg ахборот агентлигининг таҳририятига босилган муҳрни олишдан бош тортди. Бу ҳақда нашрнинг бош директори Асел Оторбаева фейсбук саҳифасига ёзди. Унинг айтишича, ходимлар «касбий фаолиятини олиб бориш ҳуқуқидан ажратилди». Оторбаева ҳукумат бу йўл билан агентликни банкрот қилиб, ёпиб юборишни мақсад қилмоқда деб ҳисоблайди.

Оторбаева нашрнинг ходимлари масофдан ишлашга мажбур бўлаётганини айтиб берди. Офисга муҳр босилиб, техника, муҳр, ҳужжатлар ва телефонларни МХДҚ олиб кетгани сабаб улар давлат идоралари билан ҳамкорларининг олдидаги мажбуриятларини бажара олмаётганини айтди.

«Мен солиқ хизматининг, Ижтимоий фонднинг, бошқа давлат ёки муниципал органларнинг олдидаги мажбуриятларимни бажара олмаяпман. Менга бунинг учун жарима солишади, шу билан бирга жаримани тўлашга ҳам имконият берилмайди. Шу билан бўлди, кейин 24.kg йўқ бўлади», — дейди Оторбаева.

Унинг фикрига кўра, ҳукумат бу йўл билан барча нодавлат ОАВни ёпиб қўйиши мумкин, қирғизистонликларга эса «ҳеч қандай рақобатга дош бера олмаган» «ҳукуматга хизмат қилган» нашрларгина қолади.

«Сизлар эса эҳтиросли эртакларни айтган УТРК билан "Кабар"ни кўриб, ўқийсизлар. Шунингдек, улар сизларнинг ҳисобингиздан жон боқишади  – солиқлар шуларнинг иш ҳақини кўтаришга ҳамда фахрий ёрлиқларга сарфланади. [ ... ] Бироқ сизларда танлов бўлмайди», – деб ёзди Оторбаева.

Таҳририятга қўзғалган «урушни пропаганда қилиш» бўйича жиноят ишини Оторбаева «таҳдиднинг бир усули» ва журналистларнинг «оғзини ёпиш ҳаракати» деб атади.

«ҲЕЧ ҚАЧОН 24.kg’нинг журналистлари урушни пропаганда қилмаган, ҳеч қачон бир мамлакатнинг иккинчи мамлакатга қарши агрессиясини қўзғаш мақсади бўлмаган. Бу абсурд!» — деб билдирди агенттикнинг етакчиси.

Оторбаева 1 февралда МХДҚнинг бошчиси Қамчибек Ташиевга таҳририят ходимларининг офисга киргизишга рухсат бериш илтимоси билан очиқ мурожаат ёзган, энди мурожаатга ҳам «эътибор қилинмайди» деб ҳисоблайди Оторбаева.

Тинтув ва жиноят иши

15 январда МХДҚнинг ходимлари 24.kg ахборот агентлигининг Бишкекдаги офисида тинтув ўтказиб, техникаларнинг барини олиб, офисни муҳрлаб кетишган. Шунингдек агентликликнинг етакчилигини махсус хизмат тергов қилган.

Кейин МХДҚ тинтув «Урушни пропагандалаш» моддаси бўйича қўзғалган жиноят иши доирасида олиб борилганини билдирган.

Қайси мақола ҳақида гап бўлаётгани номаълум. Бироқ The Insider манбасининг маълумотларига кўра, бу иш Украина Қуролли кучларида жанг қилаётган қирғизистонлик Алмаз Кудабек ўғли ҳақида ёзилган мақола юзасидан қўзғатилган. Нашр раҳбарияти бу ишда гувоҳ сифатида иштирок этмоқда.

«Баҳсли мақолага келадиган бўлсак, бу бўйича бирорта ҳам ёқимсиз натижа ёки жамоатчилик резонанси ва моддий зарар бўлмаган», — деган Оторбаева Ташиевга бўлган мурожаатида.

24.kg охирги йилларда «урушни пропаганда қилиш»да айблаётган ягона нашр эмас. 2022 йилнинг февралида Бош прокуратура айни модда билан Kaktus.media’га жиноий иш қўзғаган. Ўшанда нашр Қирғизистон ва Тожикистоннинг ўртасидаги навбатдаги можаросида қўшни давлат ҳукуматининг версиясини ёзган  «Азия Плюс» медиасининг материалини ўз сайтига ёзиб чиқарган. Kaktus.media ўзи қирғиз жамиятига тожик томон қандай сиёсат олиб бораётганини кўрсатиб бериш мақсади бўлганини тушунтирган.

Аммо назорат органи материал «жамоатчиликда норозиликни пайдо қилиб, можаронинг зонасида ҳам, бутун давлат бўйича ҳам кескинлашувнинг кучайишига олиб келган бу вазиятнинг бундан кейин кучайиб кетишига ҳамда ҳарбий кучнинг қўлланишига олиб келиш эҳтимоли бўлган» деб ҳисоблайди.

24.kg — 2006 йили таъсис этилган мамлакатдаги илк мустақил интернет нашрларидан бири.