Ўш шаҳрининг Навоий кўчасида жойлашган электрон буюмлар сотувчи дўкондан беш ноутбук ўғирлашда гумонланган уч ўсмир қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 19 январда Ўш шаҳар ИИБдан билдиришди.
Маълумотга кўра, дўконнинг эгаси милицияга шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Унда, 9 январь куни кечқурун номаълум кишилар дўкон эшигини бузиб кириб, беш дона ноутбук ва уларнинг аксессуарларини ўғирлаб кетганини билдирган.
Милициядан жабрланувчига келтирилган зарар 200 минг сом атрофида бўлганини билдиришди. Шунингдек, гумондорлар ўғирланган ноутбукларнинг учтасини ломбардларга қўйиб, пул олишгани маълум бўлди.
Жиноятга гумондор сифатида Ўш шаҳрининг 18, 20 ёшдаги ва Ўзган шаҳрининг 21 ёшдаги турғуни қўлга олинди. Улар бунга қадар ҳам шу каби жиноятлар содир этиб, бошқа дўконларга ҳам ўғирликка киришгани айтилди.
Бу факт бўйича «Ўғирлик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, гумондорлар вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди. Суриштирув ишлари давом этмоқда.
Бунга қадар Жалолобод вилоятидаги шаҳарлардан бирида тадбиркорлик билан шуғулланган маҳаллий турғуннинг уйини тўнаб, уни буюрма билан ўлдиришни режалаштирган икки киши қўлга олинди. Воқеа бўйича иш қўзғалиб, суриштирув давом этмоқда.