Ўш: «Царский двор» кафесининг хўжайини дарахтни кесишга ҳудудий бошқарма руҳсат берганини айтди

311

Ўш шаҳридаги «Царский двор» кафеси етакчиси Бермет Алимова, кўп йиллик дарахтни кесишга Сулайман-Тоо ҳудудий бошқармаси рухсат берганини «Т-Медиа»га билдирди. Ҳудудий бошқарма эса мазкур иш ҳақда изоҳ беришдан бош тортди.

Кафе эгаси ҳудудий бошқарма «рухсат берганига қарамасдан» жамоатчилик орасида бир томонлама маълумот тарқалиб кетганидан норози бўлди. Шунингдек, у келтирилган зарарни Экология ва техника назорати хизматига тўлиқ тўлаб берганини айтди.

«Жамоатчиликда фақат бир томоннинг фикри бўляпти. Бир блогер келиб чиқариб қўйди, шундан кейин чигаллашиб кетди. Бу ерда жамоатчилик эшитмаган яна бошқа ҳолатлар бор. Ҳозирда мэрияга кесилган дарахтнинг ўрнига бошқа дарахт эккани ер ажратиб беришни сўраяпман», — деб билдирди Алимова.

«Клооп» журналистлари Сулайман-Тоо ҳудудий бошқармасига боғланишга ҳаракат қилди, аммо унинг натижаси бўлмади. Ўш шаҳар мэриясидан эса воқеа бўйича суриштирув давом этаётганини, унинг натижаси билан маълумот берилишини айтди.

Бунга қадар, 9 январда Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармаси «Царский двор» кафесини уч кун ичида бузиш бўйича огоҳлантириш берган.

Ҳозирча кафе нима учун бузилмаётгани номаълум. Муниципал мулк бошқармаси бошчисининг ўринбосари Максатбек Орозалиев, Экотехназорат хизматининг суриштируви натижаси чиққандан сўнг чора кўрилишини қўшимча қилди.

Сурат: «Т-Медиа»

Ўш шаҳрининг Ленин кўчасидаги муниципал ерда жойлашган «Царский двор» кафеси дарахтни рухсатсиз кесгани учун 9 январда фаолиятини тўхтатган. Кўп йиллик «бақа терак»нинг кесилиши ижтимоий тармоқда муҳокамага сабаб бўлган.

Воқеадан сўнг Сулайман-Тоо ҳудудий бошқармасининг бошчиси кафега 15 та дарахтни «фақат буташга рухсат берилганини, кафе бўлса дарахтнинг 2 метрдан тепасини ноқонуний кесиб ташлаганини» билдирган. Муассасага «ўсимликлар дунёсига зарар келтирани билан боғлиқ» 37 минг 639 сом 32 тийин миқдорида даъво қўзғалиб, тегишли чораларни кўриш учун ишнинг материаллари Ўш шаҳар ИИБига юборилган.