Бир неча мустақил медиа журналистларининг уйида тинтув ўтказилиб, сўроққа олиб кетгани айтилмоқда

231

16 январь куни эрталаб бир неча журналистларнинг уйида тинтув ўтказилиб, куч органларининг ходимлари сўроққа олиб кетишгани хабар қилинди. Бу ҳақда журналистларнинг яқинлари ва нашрлардан билдиришди.

Уйида тинтув ўтказилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари олиб кетган журналистларнинг аксарияти Temirov Live’нинг ходимлари экани айтилмоқда. Улар — Махабат Тажибек қизи, Сапар Акунбеков, шоир Азамат Ишенбеков ва Максат Тажибек ўғли.

Сўроққа олиб кетилганларнинг яна икки нафари аввал Temirov Live’да ишлаган журналист Актилек Капаров ва ҳозирда «Арча медиа»да ишлаётган Сайпидин Султаналиев экани аниқланди. Шунингдек, «ПолитКлиника»нинг журналисти Тинистан Асипбек ўғлини ҳам сўроққа олиб кетишди.

Temirov Live’нинг асосчиси Болот Темиров, уларнинг Сидиков 129 манзилидаги идорасини тинтув қилишаётганини ва ходимларга ИИВ томонидан «Оммавий тартибсизликлар» моддаси билан иш қўзғаганини айтди.

Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлар ходимлари журналистларни ИИВнинг Бош тергов бошқармасига олиб кетишди. Ҳозирча ИИВдан бу бўйича изоҳ олишга имкон бўлмаган.

Кечаёқ 24.kg маълумот агентлигига нисбатан «Урушни тарғиб қилиш» моддаси асосида жиноий иш қўзғалгани хабар қилинган. Уларнинг идорасида тинтув ўтказилиб, нашрнинг бош директори Асел Оторбаева, шеф-редакторлари Антон Лымарь ва Махинур Ниязова махсус хизматга сўроқ берган.

Уларни идорадан олиб кетилаётганда Ниязова журналистларга тинтув Украинадаги уруш тўғрисида эълон қилинган материалларнинг бири бўйича қўзғалган жиноий иш билан алоқадор эканини айтган.