Жалолободда газ йўқлиги сабаб янги автобуслар қатновга чиқмаяпти

360
Жалолобод шаҳрига автобусларни топшириш, 27 октябрь 2023 йил. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Жалолобод шаҳрида икки ой аввал топширилган янги автобуслар Ўзбекистонда юзага келган газ танқислиги сабаб ишини тўхтатди. Бу ҳақда «Клооп»га 4 январда шаҳар мэриясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, янги автобуслар метан газ билан юргани сабабли бунга қадар уни Ўзбекистоннинг ҳудудидан таъминлаб келишган.

«Автобуслар 20 декабрдан бери қатновга чиқмаяпти. Ўзбекистоннинг ўзида метан газнинг танқислиги пайдо бўлди. Газ қўйиш шохобчаси қуриб битказилса автобуслар қатновга чиқади, уни ҳозирда ўзбекистонлик инвесторлар қурмоқда. Тезроқ битириб бериш бўйича музокаралар олиб борилди», — деб билдирилди мэриядан.

Президент Садир Жапаров 27 октябрь шаҳар куни муносабати билан Жалолободга 50 янги автобус топширган. Расмий маълумотга кўра, ўтган йилнинг 1 декабридан бошлаб шаҳарда жами 40 автобус қатновга чиққан. Газ қуйиш шохобчасининг йўқлиги сабаб ҳар куни 20 автобус Ўзбекистондан газ қуйиб келаётганди.