Жогорку Кенеш депутатлари Айбек Маткеримов ва Айгул Айдарова мактабларда иссиқ овқат бермасликни таклиф қилишди. Маткеримовнинг фикрича, мактаб овқатига ажратилаётган маблағ етарли эмас ва болаларни сифатсиз овқатдан «заҳарламай қўявериш» керак.
Айдарова «қаттиқ нон еб, ариқдан сув ичиб катта бўлганмиз» деб билдирди. Эрулан Кўқулов эса бундай таклифга рози бўлмади.
«Қаттиқ нон еб, ариқдан сув ичиб катта бўлганмиз»
Жогорку Кенешнинг Ижтимоий сиёсат қўмитасининг 25 декабрда бўлиб ўтган йиғилишида Халқ таълими вазири ўринбосари Муратбек Қасималиев 2024 йилда мактаб ўқувчиларининг овқатланишига 14 сом ажратилишини маълум қилди.
Ўтган йили Молия вазирлиги 2023 йилда ўқувчиларнинг озиқ-овқатлари учун кўпроқ маблағ ажратиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Бироқ давлат ғазнасида маблағ етишмаган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, шу пайтгача ҳар бир ўқувчининг овқатланиши учун шаҳарларда 7 сомдан, ҳудудларда 10 сомдан ажратилган.
Депутат Айбек Маткеримов ўқувчиларга «сифатсиз озиқ-овқат бергандан кўра иссиқ таомни бекор қилишни» таклиф қилди.
«Мантиқан ўйлаб кўринглар, 7 сом нимага етсин, бир кунга? Яхшиси, уларга овқат беришни йўқ қила қолайлик. Сифатсиз овқатларни олганимиз учун ичидан қуртлар чиқяпти. Болаларимизни сифатсиз таомлантиряпмиз», — деди депутат.
Депутат Айгул Айдарова ҳамкасбининг фикрини қўллаб, «коррупцияга алоқадор давлат мактабларида озиқ-овқатга пул ажратмаслик керак» деб билдирди.
«1-синфдан 4-синфгача ҳеч кимга овқат бермайлик. Қаттиқ нон еб, ариқдан сув ичиб катта бўлганмиз. Ҳеч ким ўлмаган. Ўртадаги пулни бировларга едириб қўймайлик, бусиз ҳам бюджетни бир томондан тўлдирсак, таги тешилиб тўкилиб қоляпти. Болаларга кунига 14 сом овқат беришдан кўра, овқатни бутунлай йўқ қилиш яхшироқдир. Бўлинган пулнинг ярмини директорлар билан воситачилар ўғирлаб, тендерларда тил бириктириб, болаларга “отам замонидан қолган” эски овқатларни болаларга бериб қўйишар экан», — деди Айдарова.
Халқ вакили Эрулан Кўқулов болаларнинг тўғри ва мувозанатли овқатланиши, ўқувчига «бир бўлак нон ва чой етарли эмас»лигини таъкидлади. Таълим вазири ўринбосари Қасималиев ҳозирда мактаб ўқувчилари учун ажратилаётган маблағ ҳақиқатан ҳам етарли эмас, деган фикрга қўшилди