Лайлак: Вояга етмаганларга никоҳ ўқиган муллаларга нисбатан иш очилди

591

Баткен вилоятининг Лайлак туманида вояга етмаганларни никоҳдан ўтказган 63 ёшли мулла қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 25 декабрда Баткен вилоят ИИБ хабар берди.

Гумонланувчи. Сурат: Баткен ВИИБи

Маълумотларга кўра, гумонланувчи мазкур туман ҳудудида диний маросимларни қўллашда қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларга риоя қилмасдан, вояга етмаганларни никоҳдан ўтказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Лайлак туман ИИБ томонидан «Диний маросимларни ўтказишда никоҳ ёшига оид қонун ҳужжатларини бузиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, судгача бўлган ишлар бошланган.

Шунингдек, вилоятда йил давомида яна икки нафар вояга етмаганларни никоҳига олиш ҳолатлари аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, жорий йилнинг 16 август куни Чуй вилояти Аламудун тумани Васильевка қишлоғининг 63 ёшли имом-хатиби 17 ёшли қизни 27 ёшли йигитга уйлантиргани учун қўлга олинган эди. Иссиқ-Ота туманида 21 ёшли йигитни 15 ёшли қизга турмушга берган қишлоқ имом-хатиби қўлга олингани маълум бўлган.

Қирғизистонда вояга етмаган қизларни мажбуран турмушга бериш мақсадида ўғирлаш ҳолатлари кўп учрайди. Қизлар кўпинча зўравонликнинг бошқа шаклларига, айниқса жинсий зўравонликка дучор бўлишади.