Бишкек: Тиш докторида вафот этган 3 ёшли қизнинг ишини вазир ўз назоратига олди

292

Бишкекдаги тиш докторида кўз юмган 3 ёшли қизнинг ишини Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратга олди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати билдирди.

Қизнинг вафот этиб қолгани ҳақда 21 декабрда адвокат Канат Хасанов фейсбук саҳифасига ёзиб чиққан. Шунингдек у қизнинг отаси билан бувисининг мурожаатини эълон қилган.

Қизни отасининг айтишича, улар Байтик Баатир 4А/1 кўчасидаги «Дентамакс» стоматология клиникасига мурожаат қилиб, дастлабки маслаҳатни олишган. Тиш доктори болага нина саймай, махсус ухлатувчи «Севаран» препаратини ҳидлатиб, операция қилишини айтган. Даволашга жами 106 минг сом кетишини айтган.

Шифокор операция 18 декабрда Тиббиёт академиясининг жарроҳлик бўлимида шифокорларнинг назоратида бўлишини билдирган. Қизни тахминан соат 11:30 да амалиётга олиб киришган.

«Даволашга 4 ярим соат кетади деб айтишди. Биз хотиним билан кутиб ўтирдик. Кечки соат 18:00 дан ўтгандан кейин шифокорларнинг гуруҳи жарроҳлик бўлимига югуриб кетишди, кейин тиш доктори мени чақириб “жарроҳлик тугай деганда, боланинг юраги тўхтаб қолди” деб айтди», — деб қизнинг отаси кўзига ёш олди.

Қизнинг яқинлари жарроҳлик бўлимига кирганда, боланинг қўлига нина сайилиб турганини ва танаси музлаб, кўкариб қолганини кўришган. Отаси «ўшанда қизим бир соат аввал ўлиб қолган бўлса керак» деб норози бўлди.

Октябрь туман милицияси «Клооп»га бу бўйича текширув иши бошланиб, барча тегишли экспертизалар тайинланганини айтишди. Гумонланувчига нисбатан «Тиббий ёки фармацевтик ходим томонидан касбий мажбуриятларни талабдагидек бажармаслик» моддаси билан жиноят иши қўзғалди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев эса ишни ўз назоратига олиб, махсус комиссия тузилди. Ишнинг тафсилотлари аниқлангунга қадар стоматология марказининг фаолияти тўхтатилди.