19 декабрда Жогорку Кенешнинг Конституциявий қонунлар қўмитаси Давлат байроғи элементларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Қонун лойиҳаси энди парламентнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.
Халқ вакили Мирлан Самийкожо байроқ атрофидаги баҳсларга чек қўйиш учун референдум ўтказиш кераклигини айтди. Жамила Исаева эса қуёш нурини тундук билан бирлаштиришни, Арсланбек Малиев эса байроқ рангини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Бироқ қўмита уларнинг таклифини жуда кеч киритилганлиги сабабли рад этди.
«Қўшни Қозоғистон ҳам бир вақтда Остона номини Нур-Султонга ўзгартирди. Бугун тақдирнинг киноясини қарангки, яна Остона бўлиб аталмоқда [...] Мен президент сиёсатига қарши эмасман, лекин байроқни алмаштиришга қаршиман. [...] Бу ҳукуматнинг умри узоқ бўлсин, давлатда барқарорлик бўлсин, байроғимиз қулаб тушмасин, лекин 20-30 йил бўлса ҳам ҳокимият алмашганидан кейин шу байроқ яна қайтишига ишонаверинглар», деди Самийкожо.
Аввалроқ Бишкекда бўлиб ўтган Халқ қурултойи иштирокчилари «халқ байроқни ўзгартиришга қарши» дея парламент спикери Нурланбек Шакиевни бу ташаббусдан воз кечишга чақирган эди.
Президент Садир Жапаров эса байроқни ўзгартириш ташаббуси ўзига тегишли эканини айтиб, Халқ қурултойи иштирокчиларидан қўллаб-қувватлашни сўраган.
Байроқни ўзгартириш ташаббуси
Жогорку Кенешнинг 29 ноябрдаги йиғинида давлат байроғини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланган. Байроқни ўзгартиришга 66 депутат розилигини берган бўлса, саккиз нафар депутат қарши бўлган.
Айрим депутатлар «мазкур қарорни қабул қилмай, масала референдумга қўйилиши кераклигини» айтган. Мирлан Самийкожо эса унинг ўрнига бошқа биров байроқни ўзгартиришга «маъқул» деб овоз бериб қўйганини айтиб чиққан.
Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари — парламентнинг етакчиси Нурланбек Шакиев ҳамда депутат Улан Примов.
Байроқни ўзгартириш ташаббусини президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев ҳам қўллаган. Аммо ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари бу ташаббусга қарши бўлиб, байроқ ўзгартирилмасин деган флешмоб бошлашган.