Ҳукуматнинг муваффақияти, коррупция ва солиқ. Президент Халқ қурултойида нималар деди?

398

Президент Садир Жапаров Бишкекнинг Миллий филармониясида ўтаётган иккинчи Халқ қурултойида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз нутқида иқтисодий муваффақиятлар, коррупцияга қарши кураш ҳақида айтиб, шунингдек аёлларга нисбатан зўравонлик ва инсон ҳақлари ҳақида гапирди.

Иқтисодиёт, солиқ ва инвесторлар ҳақида

Президент ўзининг ярим соатлик нутқида ижро ҳокимияти фаолиятининг иқтисодий ютуқлари ҳақида атрофлича тўхталиб, мамлакатybyu ялпи ички маҳсулоти биринчи марта 1 триллион сомдан ошганини  «катта муваффаққият» деб сифатлади.

Шунингдек давлат раҳбари мамлакатдаги коррупцияга ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши олиб борилаётган кураш «фаол» олиб борилаётганини таъкидлади.

«Коррупция – бу  бизни халқнигина эмас, барча давлатларнинг балоси. Коррупция оқибатида мамлакатимиз деярли 30 йилдан бери ривожланмай, маълум бир шахсларгина бойиб, оддий халқ тирикчилик ғами билангина кун ўтказиб қолган. Ҳозирги вақтда коррупцияга қарши тадбирлар олиб борилмоқда. Миллиардлаган пуллар давлат бюджетига қайтарилмоқда. Бу жиҳатдан куч идоралари, жумладан МХДҚ ўзининг ишини юқори даражада амалга ошираётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Махсус хизматнинг ишларини барча юртдошларимиз ҳам қўллаб-қувватламоқда», — деди у «коррупцияга қарши авсиз кураш давом этишини ҳамда бундан кейин ҳам кучайтирилишини» таъкидлаб.

Ўтган ой Жапаров Қирғизистонда 2025-2030 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши кураш бўйича давлат стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилганди. Унга кўра, комиссия таркибига давлат органлари, ишбилармон доиралар вакиллари, мустақил экспертлар киритилган.

Президент, шунингдек, Қирғизистон фуқароларини солиқларни «мажбурлаш эмас, балки мамлакат ривожига қўшилган муҳим ҳисса» деб ҳисоблашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, яширин иқтисодиётнинг кичик бир қисми фош этилиши эвазига ҳокимият органлари бюджет ходимларининг пенсиялари, нафақалари ва маошларини оширишга, «мисли кўрилмаган миқдорда ижтимоий объектлар қуришга ҳамда юзлаб километр янги йўллар ётқизишга» эришди.

«Солиқларсиз тинчлигимизни таъминловчи кучли армия бўлмайди, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлиги юксалмайди, сифатли тиббиёт ва муносиб таълим бўлмайди. Шундай экан, солиқларни мажбурият ва мажбурлаш эмас, балки мамлакат тараққиётига қўшиладиган муҳим ҳисса сифатида кўрайлик. Бошқача қилиб айтганда, солиқ эмас, ҳисса сифатида қабул қилайлик», - дея таклиф қилди президент.

Бундан ташқари, президент мамлакат фуқароларини хорижий сармоядорларни «мамлакатга бостириб киришга ёки ерни эгаллаб олишга уринаётган душман сифатида» кўрмасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, ҳар бир инвестор «даромад олади ва жамият учун умумий фойдали натижа беради». Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон йирик сармояларни жалб қилиш учун инглиз ҳуқуқий тизимини жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Унинг қайд этишича, йирик сармоядорлар биринчи навбатда мамлакатда адолатли судлар борлигига ишонишади.

Бундан ташқари, президент маҳаллий тадбиркорлар ўз маҳсулотларини экспорт қилишлари учун давлат органлари электрон тижорат ва бозорларга алоҳида эътибор қаратишини айтди. Шу билан бирга, Жапаров банк хизматларининг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш, инновацион банк операциялари ва рақамли тўлов технологияларини жорий этишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Жапаровга кўра, Қирғизистон ташқи қарзининг катта қисмини 2030 йилгача тўлайди. Масалан, 2023 йилда - 344 миллион доллар, 2024 йилда - 400 миллион доллар, 2025 йилда - 430 миллион доллар тўланади.

Инсон ҳуқуқлари ҳақида

Президент аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик масаласига ҳам тўхталди.

«Бу ҳаддан ошган кўриниш, қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат! Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати нафақат қонун ёки давлат, балки бошқа барча фуқаролар томонидан ҳимоя қилиниши керак! Қадим замонлардан бери она ва аёлни ҳурмат қилиш қирғиз халқининг ўзига хослиги, маданий ва ижтимоий меъёрларининг муҳим қисми бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак! Адолатли жамият қуриш ҳар биримизнинг мақсадимиз бўлиши керак. Жамиятда қўполликка ўрин бўлмаслиги керак, айниқса, ҳар бир  асраш, эъзозлаш, асраб-авайлаш, кекса авлодга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Мамлакатимизда тажовуз ва шафқатсизликни оқлаб бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас! Сиз улардан фақат нафратланишингиз мумкин!» – деди президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борлигини ва улар сақланиб қолганини айтди. Қурултой иштирокчиларини муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилишга, лекин тасдиқланмаган ёлғон маълумотларни айтишдан, кимгадир туҳмат қилишдан, шахсий обрўсига путур етказмасликка чақирди.

Давлат раҳбари нутқи сўнгида икки кун халқ қурултойида бўлиб, барча масалаларни тинглаб, жавоб беришга ҳаракат қилишга ваъда берди.

15 декабрда бошланган Иккинчи халқ қурултойи 16 декабрда якунланади. Қурултойда жами 700 нафар делегат иштирок этмоқда. Улардан 640 нафари республика вилоятларидан, 30 нафари миллат вакилларидан, 30 нафари меҳнат мигрантларидан сайланган.