Президент Садир Жапаров «Кооперативлар ҳақидаги» қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича лойиҳага қўл қўйди. Унга кўра турар жой кооперативларининг фаолиятига назорат кучайтирилади.
Президент матбуот хизматининг маълумотига кўра, қонун «уй-жой қурилиш кооперативларини самарали ва натижали бошқаришни таъминлашга, кооперативларга кириш орқали турғунларнинг уй-жой сотиб олишдаги ҳуқуқларини амалга оширишга» йўналтирилган.
Қонун асосида қуйидаги меъёрлар киргизилмоқда:
- уй-жой-қурилиш кооперативлари ишига раҳбарлик қилувчи орган, шунингдек унинг ваколатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
- ўзаро ёрдам кўрсатишга қаратилган уй-жой кооперативлари фақат яшаш учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича биргаликда ишлаш учун ташкил этилади. Бошқа иш турлари ҳисобга олинмайди;
- уй-жой кооперативи аъзосининг ўз ҳиссаси кооперативнинг устав фондига пул шаклида тўланади. Кооперативнинг харажатларини қоплаш ёки таъминлаш ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмайди;
- фавқулодда вазиятлар учун жамғарма ташкил этилиши керак, уларсиз адлия органларида рўйхатдан ўтиш мумкин эмас;
- кооператив иши ташқи аудитдан ўтказилиши мумкин;
- Ҳар қандай манфаатдор шахс кооператив устави билан танишиш ҳуқуқига эга.
«Азаттиқ» Адлия вазирлигига таяниб, бугунги кунда мамлакатда 162 та нотижорат уй-жой-қурилиш кооперативи фаолият юритаётганини ёзди. Кейинги икки йилда ана шундай ташкилотлар фаолияти юзасидан 140 та жиноят иши қўзғатилган.
2022 йил бошида Миллий банк уй-жой кооперативлари фаолиятида молиявий пирамидалар аломатлари борлигини таъкидлаб, аҳолини эҳтиёт бўлишга, алданиб қолмаслик учун барча ҳужжатларини синчиклаб текширишга чақирган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда 1524 нафар Қирғизистон фуқароси деярли 902 млн сом пулини уй-жой кооперативларига алданиб, олдириб қўйган.