27-ноябрда МХДҚ кон бойликларини босиб олган ва уюшган жиноий тўда билан алоқаси бор деган гумон билан Токтогул шаҳрининг мэри Эркин Тойгонбаев қўлга олинганини маълум қилди.
Махсус хизматдан мэр билан бирга унинг ўғли, кон ишлатувчи компаниянинг вакили ва уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилганини билдиришди.
Маълумотга кўра, 2022 йили Тойгонбаев Токтогулдаги кварц кони жойлашган ернинг ҳукумат бошчиси бўлган вақтда коннинг эгасига кварцни биргаликда ишлатишни ва сотишни таклиф қилган.
«Эгаси бош тортгандан кейин Тойгонбаев номаълум одамлар, уларнинг орасида “Дев Чингиз” лақабли Чингиз Жумагуловнинг уюшган жиноий гуруҳининг Токтогул шаҳридаги “назоратчиси” бўламан деб ўзини таништирган фуқаро билан бирга тадбиркорга куч ишлатган. Унинг оила аъзоларини қўрқитиб, 50% улушини Тойгонбаевнинг ўғлига ўтказган», — деб ёзилади билдирувда.
Кондан қазилган кварц ноқонуний сотилиб, тушган маблағни шу жиноий гуруҳнинг аъзоси билан биргаликда Токтогул шаҳрининг мэри олиб турган.
Билдирувда ишлаб чиқариш экология ва техника талабларини қўпол бузганлиги сабаб давлатга 74 миллион сомдан ортиқ зарар келтирилгани қўшимча қилинди.
15-ноябрда Ўзган шаҳрининг мэри Дамир Монолдоров марҳум криминал Камчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳига алоқаси бор деган гумон билан қўлга олинган.
МХДҚдан мэр «ўз манфаатларини кўзлаган мақсадига етиш учун уюшган жиноий гуруҳларининг аъзоларини имкониятларидан фойдаланиб, ўзига ёқмаган одамларни қўрқитиб келган» деб билдиришган.