Сайловга қатнашмаганлик учун жарима солишни кўзда тутган қонун лойиҳаси қўмитанинг биринчи ўқувидан ўтди

255

Жогорку Кенешнинг конституциявий қонунлар ва давлат тузилиши бўйича қўмитаси 21 ноябрда сайловга қатнашмаслик учун 5 минг сом миқдорида жарима солиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда парламентнинг матбуот хизмати билдирди.

Қонун лойиҳасида 18 ёшга тўлган ҳар бир қирғизистонлик президент ва Жогорку Кенеш депутатларини сайлашга қатнашиши кераклиги кўрсатилган. Қонун лойиҳасини таклиф қилган депутат Тазабек Икрамовнинг айтишича, қонунинг кучи «маълум сабаблари» бор одамларгагина ишламайди.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш вақтида депутат Жамиля Исаева ҳужжатнинг матнига бу маълум сабабларнинг аниқламасини қўшиб қўйиш кераклигини қўшимча қилди.

Депутат Жанарбек Акаев ёшлар сайловга қатнашмаганини айтиб, касбдошининг қонун лойиҳасини қўллади.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси Икрамовнинг ташаббусига қарши чиққан. Адлия вазирининг ўринбосари Зарема Аскарова депутатнинг қонун лойиҳаси давлатнинг Конституциясига ва халқаро шартномаларга қарши келишини айтган.

Унинг айтишича, сайловга қатнашиш ёки қатнашмаслик ҳар бир қирғизистонликнинг ўз эрки, бунинг учун жарима солиш ноқонуний. Ҳақиқатчи институти ва бош прокуратуранинг вакиллари ҳам шу фикрни айтишган.

Бироқ Икрамовнинг қонун лойиҳаси парламентнинг Ҳуқуқ тартиби, жиноятчилик билан курашиш ва коррупцияга қарши ҳаракат бўйича қўмитанинг муҳокамасига ўтмай қолган эди.