­­­Фарзандини ахлатга ташлаганликда гумонланган аёл тилхат асосида бўшатилди

276

Бишкекда янги туғилган боласини ахлат челагига ташлашда гумонланиб икки ойга қамоққа олинган 21 ёшдаги аёлнинг эҳтиёт чораси ўзгартирилди. У ҳеч қаерга кетмаслик ҳақида тилхат асосида бўшатилди. Бу ҳақда 16 ноябрда Бишкек шаҳар судининг матбуот хизмати хабар берди.

Суд бундай қарорни Октябрь туман ИИБнинг терговчиси гумондор тиббий муассасада даволанаётганини айтиб, унинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида илтимоснома берганидан сўнг, 14 ноябрда қабул қилди.

8 ноябрда соат 23:30 чамасида Жанубий-2 кичик туманидаги Элебаев кўчасида жойлашган ахлат челакларининг биридан янги туғилган чақалоқ топилгани айтилган.

Бу бўйича Октябрь туман милицияси «Онани янги туғилган фарзандини ўлдиришга уриниш» моддаси билан иш қўзғаб, тегишли экспертиза тайинлаган.

Шаҳар милиция 11 ноябрда янги туғилган чақалоқнинг 21 ёшдаги онаси қўлга олиниб, Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилганини билдирган. Кейин гумондор 11 январгача қамоққа олингани маълум бўлган.

Ижтимоий таъминот вазирлиги 15 ноябрда чиқиндидан топилган чақалоқни бувисига бериш кўриб чиқилаётганини билдирди.