Депутат Темирбаева одамни қийнаб-хўрлаш учун 15 йилгача жазо киритишни таклиф қилди

260

Депутат Миргул Темирбаева одамни қийнаб-хўрлаш учун 15 йилгача жиноий жавобгарлик киритишни таклиф қилди. Тегишли қонун лойиҳаси 1 ноябрда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

У жиноят кодексининг 130-моддасини («Оғир тан жароҳати етказиш») янги бўлим билан тўлдиришни таклиф қилмоқда.

«Шу модданинг 1, 2 ва 3-бандларида кўрсатилган, ногирон қилиш, одамнинг ташқи кўринишига ёки функцияларига зарар етказувчи тана қисмларини кесиш, деформациялаш, бузуқлик, бичиш билан боғлиқ мақсадли тан жароҳатлари етказилган ишлар, ўн икки йилдан ўн беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», — дейилади қонун лойиҳасида.

Темирбаева бу ташаббусини Чуй вилоятининг Селекция қишлоғида собиқ эри томонидан қулоқ-бурни кесилиб, хўрланган аёлнинг воқеаси билан асослади.

«Зўравонлик акти бизнинг республиканинг барча фуқароларини ажаблантирди. Албатта, бундай жиноятлар энг оғир турда жазоланиши керак. Одамни кесиш зўравонликнинг ва қўполликнинг энг оғир кўринишларини англатади ва унинг оқибатлари жабрланувчига жисмоний ва руҳий томондан зарар келтириши мумкин», — деб таъкидлади халқ вакили.

Чуй вилоятининг Селекция қишлоғида 36 ёшли Асел Ногойбаева хўрлангани ҳақидаги воқеа 20 сентябрда маълум бўлган. Жабрланувчи ўша куни юзи ва бўйни кесилган ҳолда Миллий госпиталга ётқизилган.

Бу факт бўйича милиция «Оғир тан жароҳати етказиш» моддаси билан жиноят иши қўзғаб, жабрланувчининг 39 ёшли собиқ эрини қўлга олган.

Бу воқеа яна Қирғизистондаги оилавий зўравонлик масаласини долзарблаштириб, милиция ва судьяларнинг ишига нисбатан танқидни кучайтирди.

27 сентябрда Чуй вилоят суди гумондорни зўрлаш иши бўйича 8 йилга озодликдан маҳрум қилган. «Оғир тан жароҳати етказиш» моддаси бўйича жиноят иши ҳозирча судга ўтказилмаган.

Асосий саҳифадаги иллюстратив сурат.