Жалолобод: «Теремок» болалар боғчасида болага зўравонлик қилган тарбиячи ишдан олинди

276

Жалолобод шаҳридаги №8 «Теремок» давлат болалар боғчасининг раҳбари ва бир тарбиячи болаларга зўравонлик кўрсатгани учун ишдан кетди. Бу ҳақда 1 ноябрда «Турмуш» нашри шаҳар Таълим бошқармасига таяниб ёзди.

Маълумотга қараганда, 18 октябрда Жалолобод шаҳар Таълим бошқармасига ота-оналар мурожаат қилиб, «Теремок»да «тарбиячи болаларга «қўл кўтарганидан» шикоят қилишган.

Шаҳар Таълим бошқармаси ишчи гуруҳ тузиб, болалар боғчасини текшира бошлаган. Видео камералардаги ёзувлар текширилганда тарбиячи тўпалон қилган болани «қўлидан ушлаб, ўтказиб қўйгани» аниқланди.

«Болалар боғчаси раҳбарига ҳайфсан берилган. Бугун у ҳам хизматини ўз аризаси асосида топширмоқда. Иккинчи тарбиячи даволаниш учун таътилга чиққани учун унга чора кўрилмаган. Ишга чиқса, унга ҳам тартиб чора кўрилади», — деди таълим бўлимининг мутахассиси Шайирбек Эргешов.

Жогорку Кенешнинг 26 октябрдаги йиғилишида «Ийман Нуру» фракциясининг депутати Винера Раимбачаева Жалолобод шаҳридаги «Теремок» болалар боғчасида тарбиячилар болаларни «уриб, ҳожатхонага қамаб, оғзини  скотчлаб қўрқитишини» айтиб чиққан.

Шаҳар Таълим бошқармасидан «депутатнинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмаётганини» таъкидлашди.

Бунга қадар, жорий йили 9 мартда, Бишкек шаҳридаги Brain Up нейрокоррекция болалар боғчасининг директори Элмира Исаева 10 ёшдаги аутизми бор болани калтаклагани маълум бўлган.

Бишкекнинг Октябрь туман ИИБи воқеа бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, унинг натижаси билан Исаеванинг ҳаракатларига юридик баҳо берилишини билдирган. Бунгача яна мазкур коррекция марказида тарбияланаётган болаларга шу каби ҳолатлар содир этилиб, жиноий иш қўзғалган.