Жапаров: 2026 йилнинг охирида «Кумтор»нинг қолдиқ сақловчи жойидан олтин олиш иши бошланади

326

Ҳукумат 2026 йил охирида «Кумтор»нинг қолдиқ сақловчи жойидан  олтин қазиб олиш ишини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Садир Жапаров 19 октябрда «Кумтор» олтин конининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда билдирди.

Унинг айтишича, қолдиқ сақловчи жойларда 100 тоннага яқин олтин бор, ҳозирда уларни қазиб олиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

«Бу хавфли бўлаётган қолдиқ сақловчи жойни хавфсизлантирамиз. Тозалаб оламиз. 2030 йиллардан кейин уни ҳам топ-тоза қилиб битирамиз», — деб билдирди президент.

Шунингдек, Жапаров яқин йилларда «Кумтор Голд Компани» Иссиқкўл вилоятининг Жети-Огуз туманида жойлашган «Тоголок» ва «Жангарт» каби янги конларни ўзи ўзлаштира бошлашини билдирди. Аввалроқ компания бу конларни ишлатиш учун 8 августда Табиий ресурслар вазирлигидан лицензия олганини билдирган. Компания Тоголок конида бурғулаш иши учун ёлланмачиларни танлаш ишига киришганини айтган.

Бундан ташқари, президент сўзида 2022 йили «Кумтор»да 17,3 тонна олтин олиниб, КГК солиқ ва мажбурий тўлов сифатида 32,2 млрд сом тўкканини таъкидлаб, конни ишлатишдан соф даромад 371 миллион долларни ташкил қилганини айтди.

«Кумтор» ўтган йилнинг ярмидан бери де-факто ҳукуматнинг бошқарувида бўлган — 2021 йилнинг 17 майида у ерга ташқи бошқарув киритилган. Бу ўша вақтда конни ишлатган канадалик Centerra Gold Inc. компанияси билан можарога сабаб бўлган. Компания халқаро судларга қирғиз ҳукуматига қарши бир неча даъво аризасини берган.

2022 йилнинг 29 июлида ҳукумат Centerra билан тинчлик шартномасига эришилганини таъкидлаб, «Кумтор» тўлиқ Қирғизистонга ўтганини билдирган.