18 октябрда Биринчи Май туман судида депутат Адахан Мадумаровнинг иши бўйича дастлабки суд тинглови ўтди. Суд ишнинг махфийлиги сабаб ёпиқ ўтиб, жараёнга адвокатлари киритилди.
Йиғинда Мадумаровнинг адвокатлари халқ вакилининг эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уй қамоғига чиқаришни сўрашди. Бироқ суд илтимосни инкор қилиб, Мадумаровни қамоқда қолдирди.
«Процесс бир томонлама ўтди. Бизнинг барча илтимосларимиздан бош тортишди. Суд бизни эшитмади», — деб билдирди адвокат Ольга Жукова.
Жукова суднинг бу қарорига қарши ишкоят қилишини қўшимча қилди. Мадумаров ўзи уни мажлислар залидан олиб чиқиб кетишаётганда «уят» деб бақирди.
Кейинги суд мажлиси 30 октябрь соат 10:00га белгиланди.
Мадумаровнинг қўлга олиниши
«Бутун Киргизстан» фракция лидери Адахан Мадумаров 2 сентябрда ИИВ томонидан қўлга олинган. Унга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколга қўл қўйгани учун «Ватанга хиёнат» моддаси билан айб қўйилган. Суд сиёсатчини 24 октябргача МХДҚнинг ТИЗОсига қамоққа олган.
Сиёсатчининг иши Мадумаров 2009 йили Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб турган вақтда имзолаган қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-Кўча участкаси бўйича протоколга боғлиқ. Ўша йили Мадумаров Ўш — Боткен — Исфана йўлининг ва кўприк қуриш учун Тожикистондан 5 гектар ерни ижарага олиш тўғрисида протоколни имзолаган.
Мадумаров ўзи мазкур ҳужжатнинг юридик кучи йўқлигини айтган, президент Садир Жапаров эса протокол кучга эга бўлганлигидан Тожикистон Тўрт-Кўчани талашмоқда деб билдирган.
2023 йилнинг июнида Жогорку Кенеш бош прокурорнинг таклифи билан Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берган. Унда Мадумаровга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколни имзолагани учун («Ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» моддаси бўйича), Кампиробод иши бўйича («Ҳукуматни куч билан босиб олиш» ва «Оммавий тартибсизликлар» моддалари) бўйича айбланган.
Қўлга олингунга қадар, Мадумаров, амалдаги ҳукуматни Конституция ва фуқароларнинг ҳуқуқларини бузаётгани учун танқид қилиб келган.
26 сентябрда «Давлатга хиёнат» айби қўйилиб, қамоқдаги депутат Адахан Мадумаровнинг тарафдорлари Ўзганнинг Куршаб қишлоғида ҳукуматга мурожаат қилиш учун «Чинар» сайилгоҳига йиғилган. Улар сиёсатчини озод қилишни талаб қилишмоқчи бўлган.
Бироқ милиция жамоат жойларида норозилик акциясини, митинг ўтказиш тақиқланган деган сабаб билан йиғилганларни тарқатиб юборган. Унгача бу ҳақда маълум қилинган эмас.
10 октябрда жиноят иши тергов қилиниб, ҳозирда Бишкекнинг Биринчи Май туман судида кўриб чиқилмоқда.