Боткен: Чегара жанжалида жароҳат олган ҳарбий товон ололмаётганини айтиб чиқди

316

Боткенда 2022 йилнинг сентябридаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода ўқ теккан ҳарбий Курманбек Абдикеримов товон пули ва нафақа тўланмаётганини айтиб, президентга ва МХДҚ раисига мурожаат қилди. Мурожаат 15 октябрда ҳарбийнинг фейсбук саҳифасига жойланган.

Абдикеримовнинг айтишича, у қуролли жанжалдан кейин соғлиғи сабаб ҳарбий-шифокорлик комиссиясининг қарори билан ишдан кетган.

Кейинчалик ногиронлар учун нафақа олишга ҳаракат қилиб, тиббий-ижтимоий  экспертиза муассасасидан маълумотнома олган. Аммо унда ногиронлик даражаси ва тегишли муддатлар ёзилмагани сабаб пенсияга чиқолмаган.

«2022 йили 16 сентябрда “Достук” чегара заставасидаги “Радар-1” постида наряд бошчиси қатори навбатчиликда турган. Можаро бошланганда ўнг елкамга ўқ тегиб, қўлтиғимдан чиқиб кетган. Шундан кейин қўлимнинг бармоқлари ишламай, жисмоний иш қилолмайман. Шу сабаб нафақага чиқайин десам, “у ёққа бор, бу ёққа бор”, деб чиқолмаяпман [...] Шунингдек, соғлиғим бўйича ишдан чиққанда тўланадиган товон пулини ҳам сўрадим, унда ҳам “унга бор, бунга бор” [дейишди], бошқа сўз эшитмадим», — деди Абдикеримов.

Бундан ташқари, аскар Ўш вилоятининг турғуни эканини, аммо маҳаллий касалхоналарда даволана олмаётганини билдирди. Шунингдек, Абдикеримовга Ўш вилоятининг губернатори ёрдам беришни ваъда қилган. Лекин у бу бажарилмаётганини айтди.

«Ўша ерда, халқим-юртим деб юриб шундай воқеалар бўлди. Нима сабабдан бизга эътибор бўлмаяпти? Таниши борлар оляпти, бу ҳақиқат. Бизга ўхшаган оддий деҳқоннинг болаларига ҳеч ким қарамайди. Нима сабабдан? [...] Жисмоний ишга ярамайман, бир қўлим ишламагани учун пул топиш муаммо. Ҳозир кичкига уйда беш фарзанд яшаймиз, кимга мурожаат қилишни билмайман. Бир неча марта Ўшдаги МХДҚга борсам киритмайди, иш бўйича мурожаат қилсам “айтамиз, деймиз, қиламиз” дейди — умуман ҳеч нарса йўқ», — деди собиқ ҳарбий.

Собиқ аскарни Ўш вилоят маъмуриятининг бошчиси Элчибек Жантаев қабул қилди, 16 октябрь, 2023 йил. Сурат: Azattyk

Мурожаат интернетда тарқалгандан кейин 16 октябрда вилоят бошчиси Элчибек Жантаев ҳарбийни қабул қилиб, унинг ҳужжатларидаги муаммолар бўйича ёрдам беришини айтди.

13 июнда Чегара хизматининг етакчиси Уларбек Шаршеев чегара можаросида жароҳатланган ҳарбий ходимларга товон тўлаб берилганини, ўн ҳарбийга «енгил жароҳат олгани сабаб ёрдам берилмаслигини» билдирган.