Тошкўмир: МХДҚ 75 ёшдаги аёлни «ижтимоий тармоқдаги мурожаати учун» ушлаб кетгани айтилмоқда

241

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жалолобод вилоятидаги Тошкўмир шаҳрининг 75 ёшдаги турғуни Салия Таштановани ушлаб кетди. Бу ҳақдаги маълумот 13 октябрда «Мекендеш Тв» фейсбук саҳифасига эълон қилинди.

Билдирувда Таштанованинг қўлга олинганига ижтимоий тармоқдаги мурожаати асос бўлгани айтилади. Бироқ у қандай мурожаат экани айтилмаган — унинг исм-фамилияси ёзилган фейсбук саҳифасида деярлик ҳеч қандай маълумот йўқ.

МХДҚдан бу бўйича маълумот олишга имкон бўлгани йўқ.

Салия Таштанова ўтган йилнинг 15 октябрида Ўзганда ўтган халқ қурултойига қатнашиб, Кампиробод сув омборининг ерини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан.

У қурултойда нутқ қилиб, махсус хизматнинг етакчиси Қамчибек Ташиев «чегара масаласини ҳал қила олмаса истеъфога кетсин» деб талаб қилиб чиққан.