Бош прокуратура ўзининг ходими муассасанинг ярим миллион доллардан ортиқ маблағни сарфлаганини инкор қилмоқда. Бироқ суд ҳужжатлари бундай эмаслигини айтиб туради. «Клооп» иш тафсилотларини таҳлил қилиб чиқиб, гумонланувчининг обрўсини сақлаб қолиш учун «йўқотишни» «масъулиятсизлик» деб кўрсатишга уриниш бўлаётганини сезди.
Унда гап бошидан бўлсин, давлатнинг бош прокуратураси тижорий банкларнинг бирида инвесторлардан ўғирланган 1,5 млрд рублга боғлиқ баҳсли ишни фош қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ишни фош қилибгина қолмай, айбдорларни топиб, жабрланганларнинг пулини ҳам қайтариб берган. Қолган 762,5 минг долларни нақд ўтказиб беришнинг ўзи бош прокуратуранинг видеосига тортилган.
Бироқ бу воқеанинг қизиғи бошқа. Бу пуллар тадбиркорларга қайтариб берилгунча ҳам яна бир марта ўғирланган, бўлганда ҳам бош прокуратуранинг ўзида. Дастлабки текширувларнинг маълумотига кўра, пулга жавобгар тергов бошқармаси бўлимининг бошчиси Рустам Абдирасулов уларни уч ҳафта давомида ҳар куни 30-40 минг доллардан ташиб, қариндошига бериб турган. Қариндоши эса пулни электрон ҳамёнга солиб турган. Балки, казинода ўйнаш учун, деб ёзган 24.kg ва бошқа бир қанча ОАВ. Шундай қилиб, Абдирасулов умумий 742,5 минг долларни ўзлаштириб олган.
Аслида, прокуратура ўзи бундай эмас, амалдорнинг ёмон нияти бўлмаган, Абдирасулов пулни банкка олиб бориб бермоқчи бўлган, аммо ҳафтанинг жума куни бўлиб банклар эрта ёпилиб, ишламай қолган, демоқда. Кейин уларни нимагадир хизмат сейфига ҳам солиб қўймаган. Унда қаерга олиб кетган? Уйига олиб кетган эмиш.
Ҳа, десанг, оғирлиги саккиз киллограмга яқин 76 пачка доллар экан. Нима бўлибди, чўнтакдан ҳам топилмай қолади.
Душанба куни Абдирасулов ишга чиқмаган. Сешанба, чоршанба кунлари ҳам чиқмаган. Пайшанба куни эса пулни тополмай қолишади. Хизмат сейфида йўқ бўлганда, пулни ишлатиб юборди, деган гумон билан амалдорни зудлик билан қамоққа олишади. Қизиғи шундаки, пул ўша вақтдаёқ топилади: уни амалдорнинг қариндошлари Абдирасулов қамоққа олингандан кейин олиб келиб беришади. Шундан сўнг пулларни тантанали равишда жабрланган инвесторнинг қўлига беришади. Демак, амалдор жиноят кодексининг 210-моддаси билан (Ишониб берилган мулкни ўзлаштириш ёки йўқ қилиш), агар етказилган зарар ўрнини ихтиёрий равишда тўлдирса, жиноий жавобгарликдан қутилиб кетса бўлади. Шу билан битди Хэппи энд.
Бироқ барибир бу сирли воқеанинг мос келмаган жойлари бор. Айниқса, муддатлари.
Бош прокуратура 28 сентябрдаги пресс-релизида маблағ бир ҳафтага яқин Абдирасуловнинг шахсан назоратида бўлган дейилганни шама қилмоқда. Бошқача айтганда, 15 сентябрь жума кундан 21 сентябрь пайшанбага — муассаса тополмай қолгунча.
Бироқ пресс-релиз чиққунча беш кун олдин ёзилган суднинг эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги қарорида Абдирасулов августнинг охиридан бошлаб пулни ҳар куни бўлиб-бўлиб қариндошига бериб турган, деб аниқ ёзилган. Аниқроғи, камида уч ҳафта шундай қилган. Суд қарорининг ўзи бош прокуратуранинг таркибига кирган, унинг орасида прокуратура ходимларининг ўзларини жиноятларини текширган Ҳарбий прокуратура томонидан олиб борилган дастлабки суриштирувнинг натижасига асосланган.
Шунда ким ёлғон айтяпти? Бош прокуратуранинг имзоланмаган пресс-релизими ёки суд бошчилигидаги дастлабки терговми?
Қидирувни давом эттирамиз. Бош прокуратура Абдирасулов қиморхонада бировнинг пулини ютқазган эмас деб, айтмоқда. Агар у пулни юқазиб қўйганида, «кўнгилочар марказ ютқазилган суммани қайтариб бермаган бўларди», Абдирасуловнинг яқинлари ҳам амалдор ҳибсга олинган куннинг эртасигаёқ 762,5 минг долларни қайтармасди, деб айтмоқда. Рост, деган фикр келади.
Бироқ суд кўрсатилган пуллар Абдирасуловнинг «шахсий буйруғи» билан ўзининг ишхонасида сақланганини аниқлаган. У уни бўлиб-бўлиб қариндошига бериб турган, қариндоши бўлса пулларни Wallet One электрон ҳамёнига ўтказиб турган. «Клооп» ушбу ҳамён интернетда казино ўйинлари учун ҳам ишлатилишини аниқлади.
Шунинг учун қимор ўйинлари ҳақидаги хабарларни асоссиз деб аташ мумкин эмас. Қолаверса, прокуратуранинг ўзи ҳам Абдирасулов пулни қаерга йўқотгани ва қариндошлари қайтариб бергунича пул нима бўлганини айтмаяпти.
Пуллар қайтарилган ҳолатнинг ўзи ҳам тушунарсиз бўлмоқда. Прокуратура пулни мансабдор шахс ҳибсга олинган куннинг эртасига олиб келиб беришганини ёзади. Бошқача айтганда, 22 сентябрь куни. Аммо суднинг 23 сентябрдаги қарорида бу ҳақда бир сўз йўқ. Бироқ, суд бу ҳақда билиши керак эди-да.
Ходим пулни Бош прокуратурадан тасодифан чиқариб кета олармиди? Бу саволга жавоб бериш учун стол устидаги долларлар тўпламига яна бир назар ташлайлик.
Бундай даста пулни чўнтакда, керак бўлса, сумкага солиб қўйиб «унутиш» мумкин эмас. Бундан ташқари, бу ҳолатда, шаҳарда бундай пул билан қандай юраман, деган хавфсизлик масаласи дарҳол пайдо бўлади. Абдирасулов уни, режаси бўйича, банкка олиб борган тақдирда ҳам, инкассаторларни чақиртириши керак эди.
Лекин Бош прокуратуранинг яна бир кучли аргементи бор: «Қирғизистон Республикаси фуқароларига қимор ўйинлари ўйналадиган жойларга кириш тақиқланган», — дейди у. Шох ва мот! Фақат бир ҳолатни қўшимчалаб кетиш керак:
Қирғизистон Республикаси фуқароларига светофорнинг қизил чироғи ёниб турган вақтда машина ҳайдаш, пора олиш, ажрашган хотинининг қулоқ ва бурнини кесишни ҳам тақиқланган. Буларнинг барчасини бошқа сайёрадан келганлар қилмоқда.
Бизда Бош прокуратурада аҳмоқлар ўтиради, деган жойимиз йўқ. Бироқ бу спектаклнинг бари Рустам Абдирасуловнинг жазосини енгиллаштириш ҳаракати каби кўринмоқда. Балки у, биров учун уни қамаб ёки ишдан ҳайдаладиган одам бўлмаслиги мумкин. Шу боис, «жуда катта йўқотишлар», мисоли, «масъулиятсизлик» деб квалификация қилиб, ходим давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлигини ва у лудоман эканлигини инкор этишда давом этаётгандек бўлади. Чунки ўзлаштириш учун 5-10 йил қамоқ деган реал муддат бор, масъулиятсизлик учун эса фақат 100 минг сомгача жарима белгиланган. Жаримасиям солинмайди.
Яна бир риторик савол қолмоқда: агар прокуратура ходими ҳақиқатдан ҳам нотаниш бировнинг 742,5 минг долларини ютқазиб қўйган бўлса, унда унинг яқинлари кам чиқаётган пулларни бир кун ичида қаердан топа қолди? Аммо савол, «улар бундай машиналарга пулни қаердан топишади?» дегандек. Унинг жавобини биз тахминан биламиз.
Аруке Солтоной, Виктор Мухин