Боткен вилоятининг чегарадош Минг-Булоқ қишлоғининг турғунлари тиббиётдаги имтиёзлар муддатини узайтириб беришни сўрашди. Бу қишлоқнинг турғунлари «Клооп»га қуролли можарода жабрланганини айтиб, «ўзи мушкул аҳволдамиз» деб билдиришди.
Минг-Булоқнинг турғуни Гулсун Кумарбаева сентябрда келини оғриб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилганини билдирди. У ерда 2 кун даволаниб, уйга чиқишдан олдин жой учун ҳақ тўлаш кераклигини айтишган. Бунинг сабабини чегарада яшовчи турғунларга белгиланган имтиёз муддати 14 сентябрь куни тугагани билан тушунтирган.
«Келинимни “пул тўламасанг чиқармаймиз” дейишибди. Дориларини ўзимиз сотиб олдик. Мен бориб “ўтган йилги жанжалда уйимиз ёнган, ҳозир касалхонага тўлайдиган пулимиз йўқ, укол-дориларни ўзинглар бермабсизлар” дедим. Улар “бизда берилмайди, тетрациклин ҳам йўқ” дейишди», — дейди у.
Кумарбаева касалхона кассасига 1300 сом тўлаган. Аёл уйи билан ёниб кетган буюмлари учун товон пули ҳам олмаганини айтиб, чегарадаги турғунлар учун имтиёзлар муддатини узайтириб беришни сўради.
«Ҳозир бизнинг аҳволимиз яхши эмас, пул йўқ. Шунинг учун бу қарорни камида яна 6 ойга узайтириб беришса яхши бўларди. Мана ҳозир қорин оғриғи, сариқ касаллиги кўпайяпти. Шунинг учун касалхонага бемалол бориб турсак яхши бўларди. Бир уйда 3-4 одам оғриб қолса, қийин бўларкан. Дориларни сотиб олса, койкага тўлаш оғир бўлмоқда. Келиним оғриган вақтда ўзим ҳам оғридим, иложим йўқ ўзим уйда даволандим», — деди у.
2022 йилнинг сентябридаги қуролли можародан кейин Боткен турғунларига касалхона тўловларида 50% имтиёз берилувчи қарор чиққан. Аммо шу йилнинг 14-сентябрида қарор муддати тугагани маълум бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Боткен вилояти бўйича координатори Арзибек Борүбеков «Клооп»га қарор муддатини узайтириш «Вазирлар Маҳкамасига боғлиқлигини» билдирди. Унинг айтишича, ҳозир боткенликлар учун рентген, флюорография ва УЗИ аппаратларига тушиш бепул.
Чегарадаги қуролли жанжал
Ўтган йилнинг 14-17 сентябрида қирғиз-тожик чегарасида катта масштабли қуролли можаро бўлган. Отишув давлат чегарасининг барча периметрида содир бўлган. Икки томон ҳам ҳарбий агрессияга бир-бирини айблаган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишув натижасида 63 киши қурбон бўлиб, 206 одам жабрланган.
Қуролли жанжалда Қирғизистонга келтирилган умумий зарарнинг миқдори 3 млрд 130 млн сом деб баҳоланган.