Собиқ Экология вазири Кутманованинг қамоқ муддати 9 декабргача узайтирилди

259

«Йирик коррупция тармоғи» уюштиришда гумонланаётган собиқ Табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазири Динара Кутманованинг қамоқдаги муддати 9 декабргача узайтирилди. Бу ҳақда 9 октябрда Бишкекнинг Биринчи май туман суди билдирди.

Кутманованинг қамоққа олингани ҳақида 25 июлда маълум бўлган. МХДҚдан у «давлат маблағини ўзлаштириш бўйича йирик коррупция тармоғини уюштирган» деб билдиришган.

Бунгача Табиий ресурслар вазирлиги билан «Табиатни ривожлантириш» фондидаги коррупция бўйича қўзғалган жиноий иш асосида Кутманованинг яқинлари дейилган саккиз киши қўлга олинган.

Ўша куни Кутманова Туркиядаги ўғлини номаълум одамлар ўғирлаб кетганини айтган. Эртаси куни МХДҚ собиқ вазирнинг ўғли, Туркияда коррупцияда гумонланиб қўлга олинганини ва депортация қилиш масаласи қўрилаётганини билдиришган.

Кутманованинг иши ҳақида президент Садир Жапаров ҳам изоҳ бериб, боласини ўғирлангани ҳақидаги маълумотни «жавобгарликдан қочиш учун ўзлари уюштирмоқда» деб билдирган.

Ташиевнинг огоҳлантириши, Кутманованинг жавоби

20 июлда Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигини сарҳисоб қилувчи йиғин ўтказган. Йиғинда Ташиев сўзлаб, коррупцияга аралашганлар «жазосиз қолмаслигини, бугун ёки эртага жазоланишини» огоҳлантирган. У собиқ Табиий ресурслар вазири Динара Кутмановани мисол келтириб, унинг «Кумтор»даги ишини танқид қилган.

Ташиевнинг айтишича, бир йилда «Кумтор»га бир қанча лойиҳалар учун 4 млн доллар берилган, аммо бирорта лойиҳанинг натижаси бўлмаган. Ташиев Кутманова ўз фарзандларини, синглисини ва дўстларини ишга жалб қилганини айтган. МХДҚнинг бошчиси бунга алоқаси борлар жазоланишини қўшимча қилган.

Кейин Кутманова Ташиевнинг сўзларини рад этган. Кутманова ўзи ҳақида нотўғри ва бир томонлама маълумот етказилаётганини айтган.

Динара Кутманова вазир бўлиб 2021 йилнинг 13 октябрида тайинланган. Бунгача Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ўрмон хўжалиги бўйича давлат агентликнинг директори бўлган. Кейин муассаса тарқатилиб, вазирлик бўлиб қайта тузилган.

2022 йили вазирлик ижроий ҳукуматнинг ишини мониторинг қилишда «паст» баҳо олган. 2023 йилнинг мартида Динара Кутманова муассасанинг раҳбари вазифасидан бўшатилган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи