Ўш: Лифти ҳалокатга учраган уйнинг яшовчилари тегишлиларни жавобгарликка тортишни талаб қилишди

175
Ўш шаҳридаги Қурманжан Датка кўчасида жойлашган 12 қаватли уй. Сурат: Медет Узакбаев / 2GIS

4 октабрда Ўш шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида лифт ҳалокатга учраб, 39 ёшли эркак ҳалок бўлди. Уйда яшовчилар қурилиш компанияси бинони тўлиқ қуриб битказмай, сифатсиз қилиб топширганини, лифт бўйича эса аввал ҳам бир неча бор шикоят қилишганини, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтишди.

Қурманжан Датка кўчасида жойлашган 12 қаватли бинода яшовчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокат Ислом Ахмедов хонадон фойдаланишга берилишидан аввал текширувдан ўтмаганини билдирди. Адвокатнинг айтишича, кўп қаватли уй «Голд Сити» МЧЖ томонидан қурилган.

«Биз апрел ойидан бери шартнома тузилгандан бошлаб текширувдан ўтмаганини айтиб, норози бўлиб келяпмиз. Лифти жуда сифатсиз. Уй қурган компания лифтни қурган компанияни баҳона қилиши мумкин. Шу кунгача кўплаб яшовчилар лифтда қамалиб қолиб шикоят аризасини ёзишган. Уларнинг ишлари кўриб чиқилиб, огоҳлантиришлар берилган ва қисқартирилиб юраверган [...] Шунинг учун шу ишни кўриб чиқиб, тегишли томонларни жавобгарликка тортиш талаби билан президентга, МХДҚ раисига мурожаат қиламиз», — деди Ахмедов.

Яшовчилар бунга қадар «Дельта-Лот» компаниясининг лифти олиб ташлангани ва ўрнига турк компаниясининг лифти ўрнатилганини айтишган. Бироқ у ҳам тез-тез бузилиб, аҳолига ноқулайлик туғдириб келган. Аҳоли уй қурган компаниянинг жавобгарлигини қайта кўриб чиқишни талаб қилишмоқда.

«Янги ўрнатилган лифт ҳам қурилганидан бери яхши ишламаяпти. У ҳар куни бузилади, шунинг учун биз техник ходимни чақирамиз. Икки ҳафта олдин қизим ва маҳалладаги қизлар қамалганида, лифтга масъул турк ходими келган ва унинг ўрнига масъул ходим бўлиб [марҳум] одам келган экан. Ўшанда биринчи марта кўрганмиз. [...] Кечаги воқеадан кейин ҳаммамиз ўзимизга келолмай, шок ҳолатидамиз. Битта одам ўлиши шартмиди?», — дейди яшовчилардан бири Зулҳумор Тешебаева.

Қурилиш компанияси воқеа юзасидан билдирув бермаган.

4 октабрда Қурманжан Датка кўчасида жойлашган 12 қаватли уйнинг лифти аварияга учраши оқибатида 39 ёшли эркак вафот этди. Марҳум Қорасув тумани Қизил-Қиштак қишлоғида яшовчи, уч фарзанднинг отаси экани аниқланди. Тегишли экспертизалар тайинланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.