ОАВ: Матраимов МХДҚга «профилактик суҳбатга» чақиртирилган

234

Коррупция бўйича айбини тан олган божхона хизматининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов 4 октябрь куни кечда МХДҚга «профилактик суҳбатга» чақиртирилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Kaktus.media нашри ёзди.

Матраимов МХДҚда сўроқда экани 4 октябрь куни кечда маълум бўлган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, бир неча ахборот хизматлари ёзган.

Ҳозирда Матраимов қайта қўйиб юборилдими йўқми, ёки ҳамон МХДҚдами номаълум. Махсус хизмат изоҳ бермади.

Райимбек Матраимов МХДҚга криминал Қамчи Колбаевнинг махсус операция давомида йўқ қилинган вақтда чақиртирилган.

4 октябрь куни кечга яқин МХДҚнинг ходимлари операция давомида криминал Камчи Колбаевни йўқ қилишган. Хавфсизлик қўмитасининг маълумотига кўра, махсус хизмат Колбаевнинг «Дев Чингиз» лақабли Чингиз Жумагуловни ўтган йили июлда ТИЗОда ўлдирилишидаги иштирокини текшираётган бўлган.

Криминални қўлга олиш вақтида Колбаев «Блондер Паб» барида бўлиб, МХДҚнинг ходимларига қуролли қаршилик кўрсатгани айтилади. Натижада спецназ Колбаевга ўқ отган.

Шифокорлар воқеа жойда ўқдан олган жароҳати сабаб вафот этганини билдиришган.

Матраимов ва коррупция

Матраимовлар Қирғизистон жанубидаги энг таъсирли клан ҳисобланади. Ака-укаларнинг каттаси Искендер Матраимов Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишида депутат.

Уларнинг орасидан энг машҳури Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлган.

Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида хитойлик тадбиркор Хабибула Абдуқодирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини тузган. Бу ҳақда 2020 йили «Клооп», «Азаттиқ» ва OCCRP’нинг журналистлари божхонадаги коррупция схемалари ҳақидаги суриштирувда айтиб беришган.

Абдуқодирнинг оиласи Хитойдан Қирғизистонга, ундан Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётганда Матраимов унга ёрдам бериб, бунинг учун оиласига тегишли фондга «садақа» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали у Қирғизистондан 700 млн сом чиқарилганини исботлашган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемалари ортидан қанча пул топишгани ҳамон номаълум. Аммо унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойигани очиқ билинган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет давлатларида ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қимматбаҳо мулкларни топишган. АҚШ Матраимов билан унинг оиласини «Магнитский рўйхати»га киритган.

2021 йилнинг бошида Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, унга 260 минг сом жарима солган. Божхона раисининг собиқ ўринбосари ҳам коррупцияни тан олиб, бюджетга етказган зарарни тиклаш учун 2 млрд сом тўлаган.