Бишкекда овқатланиш жойидаги шаурмадан заҳарланганларнинг сони 71га етди. Бу ҳақда 3 октябрда «Клооп»га Соғлиқни сақлаш вазирлигидан билдиришди.
Маълумотга кўра, заҳарланганларнинг 36си касалхонага ётқизилди. Улардан беш нафари ёш болалар. Касалхонадагиларнинг аҳволи қониқарли деб айтилмоқда. Қолган беморлар уйда даволанишмоқда.
Бишкекдаги Чуй ва Суйунбаев кўчаларининг чорраҳасидаги «Беш лаваш» ва «Мидос» овқатланиш жойларида 21 киши шаурмадан заҳарлангани ҳақида 1 октябрда маълум қилинган. Уларнинг 15 нафари касалхонада экани айтилган.
Мазкур овқатланиш жойларига 72 минг сом жарима солиниб, текширувда аниқланган камчиликларни бартараф қилгунча ёпилгани маълум бўлган.
Оммавий заҳарланиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев тезкор йиғин ўтказган. Унда шаҳардаги барча фастфудларни текшириш топширилган.