Сўқулуқ туманининг Селекция қишлоғида эри томонидан пичоқланган Асел Ногойбаевага вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган эмас. Бу ҳақда 2 октябрда жабрланувчининг юристи Индира Саутова билдирди.
Унинг айтишича, воқеа тонгги соат саккизларда бўлса, милиция ходимлари жабрланувчини касалхонага 10да етказиб, унга биринчи ёрдам кўрсатилган.
«Бу вақт оралиғида Асел ўлиб қолиши мумкин эди. Тез ёрдам чақирса, навбатчилик алмашаётганини айтиб, Сўқулуқ олиб боринглар дейишган. Шу сабаб тез ёрдам ходимларининг жавобгарлиги бўйича бош прокуратурага мурожаат йўлладик», — деди адвокат.
Шунингдек, Саутова гумондорнинг аввалги «зўрлаш» иши бўйича мажлис судьянинг хонасида ўтиб, айбдор пробация назорати билан озод қилинганини таъкидлади. Унинг айтишича, мажлис беш дақиқа давом этиб, камерага, аудиога ёзилган эмас.
Адвокат Улан Сейитбеков ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларининг эътиборсизлиги бўйича бош прокуратурага ариза беришганини билдирди.
Бу орада Олий суднинг раиси Замирбек Базарбеков собиқ аёлини шафқатсизлик билан зўрлаган одамга пробация тайинлаган судьяни ишдан бўшатишни талаб қилди.
Бунгача Ногойбаева жамоатчиликка мурожаат қилиб, воқеа бўлгунча бир неча марта ҳуқуқ идоралари мурожаат қилганини, аммо «ҳеч қандай натижа бўлмаганини ва ҳуқуқи ҳимояланмаганини» айтган.
Селекцияда пичоқланган аёл
36 ёшли аёлни қийноққа учрагани ҳақида 20 сентябрда маълум бўлган. У юз-кўзи, бўйни кесилган ҳолда касалхонага ётқизилган. Бу бўйича «Оғир тан жароҳат етказиш» моддаси билан иш қўзғалиб, 39 ёшли гумондор қўлга олинган — у икки ойга қамалди.
Оммавий ахборот воситаларида жабрланувчи бунгача собиқ эрининг устидан икки марта милицияга шикоят қилгани айтилган. Маълумотни Чуй вилоят милицияси ҳам тасдиқлаган.
Сўқулуқ туман судидан гумондорга нисбатан «Зўрлаш» моддаси билан қўзғалган аввалги жиноят иши «жабрланувчи айбланувчи билан ярашгани сабаб» қисқартирилганини билдиришган.
Жабрланувчининг синглиси опаси собиқ эрига нисбатан аризасини қайтариб олмаганини айтган. Унинг айтишича, опаси зўравонни кечирган эмас, уни жавобгарликка тортиш учун милициядан кетмаган.
Бу масала 21 сентябрда парламентда ҳам кўтарилган. Депутатлар бу кўриниш оиладаги зўравонликка беэътибор бўлишдан келиб чиқаётганини таъкидлаб, гумондорга чора кўришни талаб қилган.
ИИВ ўз навбатида муассасанинг бошчиси Улан Ниязбеков «жиноят ишини объектив ва ҳар томонлама текширишга кафолат бериш учун» бу ишни шахсан назоратига олганини билдирган.
27 сентябрда Чуй вилоят суди гумондорни аввалги зўрлаш иши бўйича 8 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Асосий саҳифадаги сурат «Акипресс» нашридан олинди.