Путин октябрда Лукашенко билан учрашиш учун Қирғизистонга келади

226

26 сентябрда РИА Новости нашри Россия президенти Владимир Путин Қирғизистонга келишини ёзди. Бунгача Халқаро жиноят суди уни қамоққа олиш бўйича ордер чиқарган эди.

РИА Новости рус лидерининг матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб, Путин Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашиш учун Қирғизистонга 15 октябрда келишини ёзди.

«Шундай сафар белгиланаётганини тасдиқлаймиз, у ерда учрашув бўлиши ҳам режалаштирилмоқда», — деди Песков.

Президент Садир Жапаров администрациясидан «Клооп»га Путиннинг келиши бўйича изоҳ беришмади.

Путин Қирғизистонга келиши ҳақида 2023 йилнинг майида маълум бўлган. Уни президент Садир Жапаров чақирган, бироқ қачон келиши айтилган эмас.

Охирги марта Путин Қирғизистонга 2022 йилнинг декабрида — рус армияси Украинага кенг кўламли ҳужум қилгандан тўққиз ой ўтиб келган.

2023 йилнинг мартида Гаагадаги халқаро жиноят суди Украинага қарши ҳарбий жиноятлари учун Путинни қамоққа олиш бўйича ордер чиқарган. Бу агар Путин Рим мақомини ратификациялаган давлатга борса, қўлга олиниши кераклигини англатади.

Халқаро жиноят судининг қонунийлигини Европа иттифоқидаги давлатлар, жанубий Африка, айрим Африка давлатлари ҳамда Тожикистон ва Афғонистонни қўшганда 123 давлат тан олади. Рим мақомига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Исроил, Туркия ва Эрон имзо қўймаган.

Қирғизистон халқаро жиноят судининг Рим мақомига 1998 йилнинг 8 декабрида қўл қўйган, бироқ ратификациядан ўтказган эмас. Бу Путин Қирғизистонга келса, у қамоққа олинмаслигини билдиради.

2022 йилнинг 24 февралида рус армияси Украинага кенг кўламли ҳужумни бошлаган. Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар ҳамон давом этмоқда.

БМТнинг 11 сентябрдаги маълумотига кўра, Россия ҳужуми сабаб Украинада энг камида 9 614 тинч аҳоли қурбон бўлган. Яна 17 мингдан ортиқ одам яраланган. Бироқ ташкилот ҳалок бўлганларнинг сони анча кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Бу ҳақда украин ҳукумати ҳам айтади.

Россиянинг Украинага ҳужумини бир қатори давлатлар айблаган, ғарб давлатлари эса Россияга нисбатан санкциялар киритган.

Шунингдек, ғарб давлатлари Россияга кўмаклашган давлатларга иккинчи босқичдаги санкциялар солиниши ҳақида бир неча марта огоҳлантирган. Бу рўйхатга биринчилардан бўлиб Беларус кирган. Александр Лукашенко Путинни тўлиқ қўллайди, қолаверса, Украинага ҳужум қилиш учун ўз ўлкасидаги ҳудудни берган.